02.03.2024 08:14

Эрдўған: Ғазода миллиардлаб инсонларнинг халқаро тузум, адолат ва қонунга ишончи ҳам йўқ қилинди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Анталия Дипломатик форумидаги нутқида Исроилнинг Ғазодаги хунрезликлари, уруш жиноятлари оқибатлари, Туркиянинг Ғазо ва фаластинликларга кўрсатаётган ёрдами ва бошқаларга тўхталиб ўтди. Туркия президенти нутқидан асосий иқтибослар.

▪️Исроилнинг тинч аҳоли пунктларини нишонга олган ҳолда уюштирилган ҳужумлари натижасида аксарияти болалар ва аёллардан иборат 30 минг ғазолик шаҳид бўлди, 70 мингдан ортиқ фаластинлик тан жароҳати олди, 2 миллионга яқин одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

▪️Шу ерда бир нарсани аниқ таъкидламоқчиман. Ғазода нафақат болалар, аёллар ва тинч аҳоли ваҳшийларча ўлдирилди, балки миллиардлаб одамларнинг халқаро тузумга, адолатга ва қонунга бўлган ишончи ҳам йўқ қилинди.

▪️Исроил ҳақида гап кетганда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, вазифаси глобал тинчликни таъминлаш бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Европа Иттифоқининг доимий ҳуқуқ ва қонунлар ҳақида гапирадиган институтлари, холислик ҳақида гапирадиган халқаро оммавий ахборот воситалари, бир сўз билан айтганда, йиллар давомида бизга ўрнак сифатида кўрсатилган ва биз ишонишимиз ва ҳурмат қилишимиз кераклиги айтилган бундай тузилмаларнинг нақадар чорасиз ва ишга ярамаслигини ҳаммамиз биргаликда кўрдик.

▪️Ғазода содир бўлаётган воқеалар, албатта, уруш эмас, геноцид уринишидир. Чунки урушда ҳам амал қилиш керак бўлган ахлоқ, одоб ва қонун бор. Онасининг бағридаги гўдакларни очлик ва ташналикка маҳкум этганлар ҳақида, шифохоналар, черковлар, масжидлар, мактаблар, университетлар, қочқинлар лагерлари ва тез ёрдам машиналарини бомбалаганлар, худди кечагидек озиқ-овқат ёрдами олиш учун навбатда турган тинч аҳолини хиёнат ва номуссизлик билан нишонга олган ваҳшийликлар ҳақида гапиряпман.

▪️Ўз оиласи билан хавфсиз жой қидираётганда машинаси Исроил ҳарбийлари томонидан ҳужум қилинган ва бутун оиласидан айрилган 6 ёшли Ҳинд Ражабнинг фожиали ҳикояси аслида Ғазода ҳалок бўлган 15 мингга яқин бегуноҳ боланинг ҳикоясидир. Биз инсоният сифатида 12 кун давомида "Мени олиб кетишга келасизми, қўрқяпман" деган 6 ёшли қизчанинг ҳаётини сақлаб қола олмадик. Афсуски, биз Ҳинд ва бошқа ғазолик болалар олдидаги масъулиятимизни тўлиқ бажара олмадик.

▪️Ҳужумларнинг илк кунидан бери Туркия сифатида қилган саъй-ҳаракатларимиз, минтақага 37 минг тоннагача гуманитар ёрдам жўнатганимиз, глобал миқёсда амалга оширган барча дипломатик алоқаларимиз ва 900 дан ортиқ ғазолик касаллар, жумладан, уларнинг ҳамроҳларини мамлакатимизга олиб келганимизга қарамай, биз ҳали ҳам қалбимизда бундай шармандаликни ҳазм қилолмаяпмиз.

▪️Халқаро Суднинг Исроилни геноцид қилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги қарори очиқ-ойдин бўлса-да, Нетаняху маъмурияти ўзининг ишғол, қирғинбарот сиёсатини кечагидек бепарволик билан давом эттира олмоқда. Биринчи кундан бери Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаган ғарб давлатлари "Сен яхшисан, сендан ит яхши" деган иккиюзламачи сиёсатлари билан қон тўкилишига қатнашмоқда.

▪️Халқаро ҳамжамият Фаластин халқи олдидаги қарзини фақат Фаластин давлати барпо этилиши билан тўлаши мумкин. Бунинг учун 1967 йил чегаралари асосида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил, суверен ва географик жиҳатдан интеграциялашган Фаластин давлатини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда биз Туркия сифатида масъулиятни, жумладан кафилликни ҳам ўз зиммамизга олишга тайёр эканлигимизни билдирдик.

▪️Бу ердан мен яна бир бор халқаро ҳамжамиятни Ғазо ва Фаластин масаласини самимий қўллаб-қувватлашга таклиф қиламан. Дунё бўйлаб деярли ҳар ҳафта майдонларни тўлдириб, зулмни қоралаб, барча босимларга қарамай ҳақиқатни жасорат билан ифода этаётган Фаластиннинг барча дўстларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Манба: Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фаҳреттин Алтуннинг Твиттер (Х)даги саҳифаси

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.