17.05.2025 17:30
258

Туркия Мубашшир Аҳмадга адолатсизлик қилдими?

15 май куни Туркияда “MazlumDer” – “Инсон ҳуқуқлари ва мазлумлар учун бирдамлик” уюшмасининг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқ фаоллари ва жамоат фаоллари иштирок этди.

Жумладан, анжуманда “MazlumDer” уюшмаси раҳбари Кая Картал, “ÖzgürDer” уюшмаси раҳбари Ризвон Кая, “Ezan Vakfı” вақф раиси ўринбосари Рамазон Чамлижа, Қочқинлар Федерацияси раҳбари, адвокат Уғур Йилдирим, Туркманистонликлар ташаббус жамоаси вакили Бурҳон Кавунжу ва адвокат Умар Юзгул иштирок этди.

Анжуманда асосий эътибор Туркияда кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлаётган Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)нинг депортациясига қаратилди. 

Хусусан, “MazlumDer” ташкилоти вакили ушбу депортация жараёни суд қарори ва қонун талабларига зид ҳолда амалга оширилганини таъкидлади. У Туркия Иммиграция бошқармаси фаолияти борасида жиддий назорат текшируви ўтказиш лозимлигини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, суд Алишер Турсуновнинг Туркиядан чиқарилишига оид талабни рад этган. Бироқ Туркия Иммиграция бошқармаси Турсунов устидан қайта даъво очилиши ва у судда кўриб чиқилаётганига қарамай, суд қарорини кутмасдан уни Ўзбекистонга депортация қилган.

Ҳуқуқ фаоллари бу ҳолатни қонунбузарлик сифатида баҳолаб, Алишер Турсунов мисолида Туркияда қочқинларга нисбатан адолат ва қонунийликка зид муомалалар амалиёти кучайиб бораётганини қайд этишди.

Анжуман якунида иштирокчилар Туркия Иммиграция бошқармасининг бундай амалиётлари бошпана сўраётган инсонлар ҳаёти учун жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаб, давлат органлари ва жамоатчиликни бу масалага жиддий ечим топишга чақиришди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.