16.01.2024 11:10

Турк фирмалари Африкада қиймати 85 млрд доллардан ошиқ лойиҳаларни амалга оширмоқда

Туркия ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEIK) маълумотларига кўра, турк ташкилотлари 2023 йил охиригача Африкада 85,4 млрд долларлик 1864 та лойиҳани амалга оширди. Турк компаниялари қитъага 10 млрд доллардан ортиқ сармоя киритиб, 100 мингдан ортиқ африкаликларни иш билан таъминламоқда.

Қайд этилишича, Африка давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаган Туркия ўзини собиқ мустамлакачи давлатлардан кўра адолатли ўйинчи сифатида кўрсатмоқда.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар туфайли Туркия-Африка савдоси 2003 йилдаги 5,4 млрд доллардан 2022 йил охирига келиб қарийб 41 млрд долларга ўсди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 50 млрд долларга етиши кутилмоқда. Қитъа билан ҳамкорлик инсонпарварлик ёрдамлари, инфратузилма ва транспорт лойиҳалари ҳамда ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликка йўналтирилган бизнес ва савдо муносабатларининг ўсишига қаратилган.

Хусусан, Polat Yol компанияси Угандани Кения, Жанубий Судан ва Эфиопия билан боғлайдиган 92 км узунликдаги Муэмбе-Накапирипирит йўлини янгилаш бўйича қурилиш ишларини олиб бориш бўйича тендерни қўлга киритди.

2023 йил бошида Уганда ҳукумати яна бир турк компанияси - Yapı Merkezi`га мамлакат пойтахти Кампаладан Кениядаги Малаба чегара пунктигача бўлган темир йўлининг 273 километрлик қисмини қуришни таклиф қилди. Лойиҳа қиймати 2,2 млрд долларни ташкил этиши кутилмоқда. Темир йўл қурилиши бўйича шартнома дастлаб Хитойнинг China Harbour Engineering Company компаниясига тегишли бўлган, бироқ саккиз йил давомида иш бажарилмаганидан сўнг Уганда турк компаниясини танлаган.

Бундан ташқари, турк компаниялари томонидан Ливияда Триполи конференция маркази, Руандада Кигали конференция маркази, Камерунда парламент биноси, Нигерда Ниамей аэропорти, шунингдек, 15 минг ўринли замонавий “Дакар Арена” спорт мажмуаси, халқаро Дакар конференция маркази, Синегалдаги “Блез Диагне” халқаро аэропорти ва бошқалар қурилди.

Манба: Daily Sabah

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.