10.07.2025 13:00
54
Тўқаев Қозоғистонга 25 % бож солган Трампга мактуб ёзди
Олдинроқ, АҚШ давлат раҳбари Дональд Трамп 1 августдан бошлаб 14 та давлат, жумладан, Қозоғистон товарларига 25 фоизлик бож жорий этилаётгани ҳақида маълум қилганди. У бу ҳақда ҳар бир давлат етакчиларига, хусусан, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга ҳам хат юбориб, огоҳлантирган.
Бугун, 10 июль куни Тўқаев Трампга Қозоғистон товарлари импортига 25 фоизлик бож жорий этилиши юзасидан жавоб хати юборди.
Оқўрда матбуот хизматининг ёзишича, Тўқаев Қозоғистон Америка Қўшма Штатларининг узоқ йиллик савдо ва сармоявий ҳамкори сифатида адолатли ҳамда ўзаро манфаатли савдо алоқаларини ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаган.
“Қозоғистон Президенти мамлакатимиз савдо масалаларининг оқилона ечимини ишлаб чиқиш мақсадида конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Тўқаев савдо масаласида икки томонлама муросага келинишига ишонч билдирган.