25.07.2024 12:37

Тошкентда Исроил элчиси ҳақидаги изоҳи учун ИИБга чақирилганда жанжал кўтарган эркак 10 суткага қамалди

2024 йил июль ойининг 24 куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Ўзбекистондаги Исроил элчиси миссиясини якунлаётгани ҳақидаги хабарига элчихона жойлашган манзилни сўраб изоҳ ёзган ва шу комменти бўйича ИИБга чақирилганда ходимларга бўйсунмаган фуқарога суд ҳукми ўқилди, дея хабар қилди «Газета.uz».

Суд ҳужжатига кўра, 1987 йилда туғилган Р.А. 2024 йил 19 июнь куни Telegram мессенжеридаги «Chat-live Quds» номли каналга Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси ўз миссиясини якунлади мазмунидаги постга нисбатан «Нима дегани бу таржима қилингларчи, яхши гапми ёки ёмон гапми, шу элчихонанинг локацияси йўқми, лашкарларимиз тиш тирноғи билан қўриқланаётгандир» деган мазмундаги изоҳ қолдирган.

Шундан сўнг у Мирзо Улуғбек туман ИИО ФМБ биносига таклиф қилинган. Фуқаро шу жараёнда ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат жойи ҳисобланадиган ИИО ФМБ биносига кириш кўчасида бақир-чақир қилиб, ҳар хил уятсиз сўзлар билан сўкиниб, жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузган.

Суд мажлисида Р.А. ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунган ҳолда келгани, ортиқча хатти-ҳаракат қилмаганини айтиб, биринчи маротаба огоҳлантириш берилишларини сўради.

Суд ҳукмига кўра, Р.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида, яъни 680 минг сўм жарима жазоси ва узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Жазо ўталганидан сўнг ҳуқуқбузар Р.А.нинг махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 510 минг сўм миқдордаги маблағ ундирилиши белгиланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.