05.03.2025 12:44

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари отинойиларга таҳдид қилиб, рўмолларни орқадан ўрашга буюргани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Илҳом Арзиқулов отинойиларнинг ҳижобига қаршилик қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қайд этилишича, янги тайинланган Тошкент вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари отинойилар билан бўлган йиғилишда ҳижобда юриш мумкин эмаслиги, отинойилар ҳам рўмолини орқадан ўраши кераклигини талаб қилган. У ўз сўзларини "Ҳанафий мазҳабида рўмол орқадан ўралади", деган қўштирноқ ичидаги фатво билан асослашга уринган.
 
Шунингдек ҳоким ўринбосари Қашқадарё вилоятида ишлаганда ҳам шу ишларни амалга оширганини айтиб мақтанган. Ҳоким ўринбосарининг йиғилган аёлларга жуда қўпол муносабатда бўлиб, ёши катта онахонларни ҳам уришиб бергани айтилмоқда.
 
Бундан ташқари у имомларга дағдаға қилиб, ҳамма радикаллашиб кетаётгани сабаб уларнинг оиласи — хотини ва болалари билан шахсан кўришиб гаплашишини қўшимча қилган.
 
Ҳоким ўринбосарининг ушбу сўзлари нафақат "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга, балки яқиндагина қабул қилинган Ўзбекистоннинг "Диний соҳадаги давлат концепцияси"га ҳам зиддир. Зеро унда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш назарда тутилган эди. Бундан ташқари диний илми бўлмаган ҳолда "ёлғон фатво" бериш ҳам ҳеч бир қонун-қоидага тўғри келмайди.
 
Ҳолбуки, амалдор таъкидлаётган мазҳабимизда аёлларнинг юзидан бошқа аврат жойларини ёпиб юриши барча Ҳанафий уламолари томонидан таъкидланган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.