Токаев: Остона Қозоғистон-Тожикистон муносабатларини янги босқичга кўтариш ниятида
Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар деярли барча йўналишларда юксалишга қараб муваффақиятли ривожланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан Душанбеда бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.
Миллат саройида (Тож. Қасри Миллат) Душанбега давлат ташрифи билан келган Токаевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Қозоғистон президенти
кўп қиррали қозоқ-тожик шерикчилигини
мустаҳкамлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётган олий даражадаги мунтазам
учрашувларга катта аҳамият беришини таъкидлади.
“Биз ишончли иттифоқчилармиз. Биз Тожикистоннинг
Қозоғистонга муносабатини юқори баҳолаймиз. Лекин ярим йўлда тўхтаб
қололмаймиз, олдинга интилишимиз керак. Бинобарин, ушбу ташрифдан кўзланган мақсад
ҳамкорлигимизни ривожлантиришга энг жиддий даражада туртки беришдир. Бугун Иттифоқчилик муносабатлари
тўғрисидаги шартнома имзоланади. Ушбу ҳужжат тарихий аҳамиятга эга. Шунинг учун
бизни қизиқтирган барча масалалар юзасидан мазмунли фикр алмашишимизга ишонаман”,
— деди Қозоғистон раҳбари.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, транзит-транспорт,
энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, шунингдек,
рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ўзаро шерикчилик масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувидан сўнг расмий делегациялар аъзолари
иштирокида кенгайтирилган музокаралар
давом этди.
“Иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича
биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор ўсиш
ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади”, — дея таъкидлади Токаев.
Қозоғистон президенти
Тожикистонга давлат ташрифидан асосий мақсад қозоқ-тожик халқларининг дўстлик ва ўзаро ёрдам
муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишдек умумий мақсадга
эришиш эканлигини таъкидлади.
“Биз ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни
мақсад қилганмиз. Бу кўрсаткичга эришиш учун имкониятлар мавжуд, деб
ҳисоблайман”, — деди у.
Айни пайтда,
Тожикистон президенти Эмомали
Раҳмон иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши давлатлараро
ҳамкорликни узоқ муддатли истиқболда сифат жиҳатидан мустаҳкамлашини
таъкидлади.
“Ишончим комилки, бу халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб
беради. Сизнинг бугунги ташрифингиз бир қатор параллель тадбирлар билан бирга
ўтмоқда. Булар Қозоғистон маданияти кунлари, қозоқ киноси кунлари, икки давлат
зиёлилари, олимлари, аёллари, ёшлари, тадбиркорлари иштирокидаги тадбирлардир.
Улар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, яқинлик,
ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг намойишига айланди”, — деди
Тожикистон раҳбари.