04.03.2025 13:08
2546
Temu Ўзбекистонда блокланади
Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ 20 мартдан бошлаб Хитойнинг Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, электрон тижорат операторлари, хусусан, электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар – Ўзбекистон резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган.
Бироқ қўмита хорижий электрон савдо платформалари, хусусан, Temu фаолиятини ўрганиш жараёнида электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётганини аниқлаган.
Қўмита тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида бугунги кундан бошлаб Temu платформасида буюртма бермасликни сўради.