15.12.2023 17:47
АҚШда мусулмон ўқувчи қизга "бошингни кесиб ташлайман", дея таҳдид қилган ўқитувчи ҳибсга олинди
АҚШнинг Жоржия штатида ўқитувчи муслима ўқувчи қизга дарс вақтида жисмоний шикаст етказиш билан таҳдид қилгани учун ҳибсга олинди, дея хабар бермоқда IslamNews CNN`га таянган ҳолда.
Хабарда қайд этилишича, Жоржия штатидаги Уорнер Робинс мактабининг 13 ёшли ўқувчиси 51 ёшли ўқитувчи Бенжамин Ризнинг синф хонасига келади ва у ерда Исроил байроғини кўриб ҳайрон қолади.
Муслима қиз ўқитувчига синфда Исроил байроғи борлигидан хафа бўлганини очиқ айтади. Ўқитувчи эса ғазабланиб, қизни ҳақоратлаб, унинг “бошини кесиб оламан” деб бақира бошлайди.
Воқеага шоҳид бўлган катта ёшли гувоҳ Риз ўзини яҳудий деб атагани ва мусулмон талабанинг бўғзини кесиш билан таҳдид қилганини таъкидлаган.
Ўқитувчи ўша куниёқ бир қанча жиноий моддалар билан айбланиб ҳибсга олинган. "Биз Бенжамин Ризга қарши тезкор чора кўрилганини, жумладан, унинг айблов хулосаси ва болага даҳшатли таҳдидлар қилгани учун ҳибсга олинишини олқишлаймиз", деди Жоржия Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (CAIR) директори Азка Маҳмуд.