07.06.2024 08:01

Шавкат Мирзиёев «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирланди

Президент Шавкат Мирзиёев «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирланди. Олий давлат мукофоти 6 июнь куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан топширилди.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланган кунда Туркиянинг бундай юксак мукофотини олиш мен учун катта шарафдир», — деди давлат раҳбари.

«Ушбу мукофот халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, олий даражадаги ишончли мулоқот ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланишининг рамзидир», — деди у.

Маълумот учун, мазкур нишон Туркия билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат амалдорларига берилади.

Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг ноябрида Самарқандда Ражаб Тоййиб Эрдоғанни «Олий даражадаги Имом Бухорий ордени» билан тақдирлаганди. Ушбу орден билан илм-фан ва маърифатни ривожлантириш, Ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишдаги хизматлари учун уламолар, тадқиқотчилар, ёзувчилар, шунингдек, давлат ва ҳукумат раҳбарлари мукофотланади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.