Россия ва Туркия муносабатлари совуқлашяпти. Бунга сабаб нима?
Сайловлар, санкциялар ва қуроллар
Москва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия президентлиги курсисини
қайта эгаллаганидан сўнг Кремлнинг хайрихоҳлигига жавобан ўзига нисбатан
дўстона қадамлар ташлашидан умидвор эди. Бироқ иқтисодий муаммолар Туркияни АҚШ
ва Европа Иттифоқи(ЕИ) билан яқинлашишга ундаяпти. Бу ҳақда Американинг “Карнеги” илмий-тадқиқот маркази экспертлари
маълум қилди.
Москва ва Анқара муносабатлари яна янги инқироз ёқасида
турибди: бунинг белгиси сифатида Россия етакчиси Владимир Путиннинг Туркияга ва
шахсан президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон "манзили"га қарата айтган аччиқ
гапларини келтириш мумкин. Июнь ойида
Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Анқарани Киевга
ҳарбий ёрдам бергани учун қоралади ва Эрдўғон бошчилигидаги ҳукумат Ғарб молия
институтлари билан кўпроқ "ош-қатиқ" бўлаётганидан норозилигини
ифодалади.
Анқара расмийлари бу танқидни четлаб ўтишди, бироқ Путиннинг
ўзининг энг яқин шерикларидан бирига нисбатан риторикасини кучайтиришга нима
ундагани, жумладан, Россиядан Туркияга табиий газ ва буғдой етказиб беришни
тўхтатиш ҳақидаги таҳдидлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Агар бунга
Путиннинг қолдирилган Туркияга сафари, ўзаро савдо ҳажмининг қисқариши ва
Анқаранинг АҚШ билан қурол-яроғ етказиб бериш масалаларида яқинлашаётганини
қўшсак, икки давлат муносабатларининг совуқлашаётганини сезиш қийинмас.
Нимадир нотўғри бажарилди
Таҳлилчиларнинг фикрича, 2023 йил май ойида Туркияда бўлиб
ўтадиган президентлик ва парламент сайловлари олдидан Кремль Эрдўғонга,
шунингдек, унинг "Адолат ва тараққиёт" партиясига пул тиккан. Москва
Анқарага "Аккую" АЭС қурилиши учун 20 миллиард доллар ажратди,
шунингдек, туркларнинг 2022 йилда етказиб берилган табиий газ учун тўловларини
кечиктиришига рози бўлди.
Ўшанда Россия раҳбарияти Эрдўғон қайта сайланганидан кейин
бунга жавобан дўстона қадамлар ташлашига умид қилгани аниқ. Бироқ Анқара
мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият фонида АҚШ ва ЕИ билан яқинлашишга қарор
қилди. Эрдўғон тез-тез Брюсселни ЕИга кириш бўйича музокараларни қайта бошлашга
чақира бошлади. Шунингдек, январь ойининг охирида Анқара Швециянинг НАТОга аъзо
бўлиш аризасини блоклашни тўхтатди, шундан сўнг Қўшма Штатлар модернизация
қилинган F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича тақиқларини бекор
қилди.
Шундай қилиб, Анқара ниҳоят F-16 га муқобил сифатида
Москвадан Су-35 ва Су-57 қирувчи самолётларини сотиб олиш ғоясидан воз кечди.
Бундан ташқари, Анқара ва Вашингтон Туркия томони Россиянинг С-400 зенит-ракета
комплексларидан воз кечиши шарти билан туркларнинг F-35 қирувчи самолётлари
дастурига қайтиши бўйича музокараларни фаоллаштирди.
Эрдўғоннинг Вашингтонга ташрифидан янги силжиш келишувлари
кутилган эди. Дастлаб у 9 майга белгиланган эди, бироқ номаълум сабабларга кўра
сўнгги дақиқада номаълум муддатга қолдирилди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги
ташрифга тайёргарлик кўриш мақсадида “юқори даражадаги мулоқот” давом этиши
ҳақидаги соддалаштирилган формуладан фойдаланди.
Эрдўғоннинг АҚШга сафари ҳақидаги муҳокамалар Путиннинг
Туркияга кутилаётган ташрифи ҳақидаги хабарлар билан бир вақтда пайдо бўлди.
Ташриф дастлаб февраль ойига, кейин эса Россия Федерациясидаги президентлик
сайловларидан (15-17 март) ёки Туркиядаги муниципал сайловлардан кейинги даврга
(31 март) режалаштирилган эди. Аммо ҳали ҳам аниқ вақт тайинланмади.
Украина масаласидаги зиддиятлар
Анқаранинг Украинадаги уруш бўйича позицияси Кремлни
ғазаблантирувчи энг муҳим омил бўлиб қолмоқда.
“Биз Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий
яхлитлигини тан оламиз ва шу асосда можаро барҳам топишини истаймиз”, –
дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг Украинада уруш бошланганининг икки
йиллиги муносабати билан берган баёнотида.
Бу формула Кремлнинг дидига мос келмаслиги аниқ. Москва
Анқаранинг бунга ўхшаш муносабатларига эътибор бермаса-да, аммо Киевга
қурол-яроғ етказиб беришига чидай олмайди.
Мисол учун, февраль ойи бошида Туркиянинг “Байкар” мудофаа
компанияси Киев вилоятида TB2 ёки TB3 дронлари ишлаб чиқариладиган завод
қурилишини бошлагани маълум бўлди. Корхонада 500 га яқин киши ишлайди.
Россия расмийлари шу пайтгача бу масалада жуда эҳтиёткорлик
билан гапирган. Бироқ, СПХИФ доирасида Путин томонидан айтилган қаттиқ сўзлар
Москванинг Анқара сиёсатидан ғазабланганини кўрсатди.