20.03.2024 09:32

Қозоғистонлик ҳарбийлар Голан тепаликларида тинчликпарвар миссиясини бошлади

Голан тепаликларида қозоқ тинчликпарвар кучлари кундалик фаолиятини бошлади, дея хабар бермоқда Казинформ мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари Қозоғистон ҳудудидан Сурия пойтахти Дамашққа учиб, у ердан автомашиналарда Фауар тинчликпарвар базасига етиб борган.

Расмий маълумотларга кўра, базага қарама-қарши томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича вазифаларни бажариш учун мўлжалланган ҳарбий техника ва мол-мулк ҳам етказилган. Қозоғистон отряди 139 нафар ҳарбий хизматчидан иборат.

Миллий контингентнинг шахсий таркиби жойлашиш, “Ажратиш устидан назорат бўйича БМТ кучлари” миссиясига қўмондонлик қилувчидан ишларни қабул қилиб олиш ҳамда захирадаги рота вазифаларини аниқлаштириб олиш билан банд

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги тинчликпарвар миссияларда иштирок этиш ҳарбий хизматчиларнинг жанговар маҳоратини оширишга ёрдам берадиган тайёргарликнинг муҳим таркибий қисми эканлигини таъкидлади.

“Ушбу миссиянинг ўзига хос жиҳати унинг мустақиллигидир. Авваллари тинчликпарвар контингентимиз бошқа давлатлар бўлинмалари таркибида хизмат қилган. Бўлинма бириктирилган ҳудудда патруллик қилиш, блокпостлар ташкил этиш, тинчликпарвар базаларни қўриқлаш ва тинчлик келишувларига амал қилинишини таъминлаш учун зарур бўлган зирҳли ғилдиракли машиналар, «КамАЗ»лар, микроавтобус ва йўлтанламаслар билан жиҳозланган”, - дея хабар қилди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Қозоғистон Голан тепаликларига тинчликпарвар миссия юбориши тўғрисида 19 январда расман маълум бўлган эди. Кейин президент Қосим-Жомарт Тоқаев парламент палаталарининг қўшма мажлисида Қозоғистон тинчликпарвар кучларини Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига юбориш таклифини депутатлар кўриб чиқиш учун киритди.

Аввалроқ Қозоғистон мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар Яқин Шарқ ва Африкага жанг қилиш учун бормаётганини айтди.

"Тинчликни сақлаш функция ва вазифаларини бажараётганда армия жанг қилишни ўрганмайди. Биз, биринчи навбатда, жаҳон тажрибасини ўрганишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйдик. Асосий вазифа - тинчликпарвар миссияларни бажариш, урушаётган томонларни ажратиш ва бошқалар. Бу уруш эмас, бу жанговар ҳаракатлар эмас”, - деди Жақсилиқов аввалроқ мажлисда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.