Қозоғистондаги йирик тадбиркорларга сув тошқинларидан зарар кўрган ҳудудлар бириктирилади
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев тошқиндан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам беришга маҳаллий миллиардерларни жалб қилиш ғоясини таклиф қилди. Тоқаев Қўстанай вилоятининг Тобол шаҳридаги тезкор штабга ташрифи чоғида ҳар бир вилоят, туман ва қишлоққа мамлакатдаги энг бой кишилардан бирини бириктириш зарурлиги ҳақида ўз фикрини билдирди.
“Forbes рўйхатига киритилган жуда йирик тадбиркорларимиз
бор. Улар билан суҳбат қурамиз ва ҳар бир вилоят, туман, қишлоққа бириктирамиз, номма-ном жавобгар
бўлишади. Бу уларнинг манфаатларига ҳам жавоб беради”, - деди Тоқаев.
Қозоғистон президенти, шунингдек, Костанай вилоятидаги сув
тошқини оқибатларига қарши курашда кўрсатган ёрдами учун кўнгиллиларга
миннатдорлик билдирди. Тоқаев
кўнгиллиларга ҳамдард эканлигини ва уларнинг саъй-ҳаракатларини
қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Президент жабрланган ҳудудга ташрифи доирасида сув босган
ҳудудлар бўйлаб учиб ўтди ва табиий офат зонасида аҳоли билан учрашди, етказилган зарар кўламини
шахсан ўзи кўздан кечириб, кейинги
ёрдам ишларини мувофиқлаштирди.
Қозоғистонда март ойида бошланган жиддий сув тошқинлари
оқибатлари билан курашиш давом этмоқда, бунинг натижасида турли аҳоли пунктларидан
117 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.
Республика сўнгги 80 йилдаги энг даҳшатли сув тошқини билан
юзма-юз келмоқда. Офат мамлакатнинг
саккиз вилоятига бевосита салбий таъсир кўрсатди. Ушбу ҳудудларда сув
тошқинлари қарийб бир ойдан бери давом этмоқда. Айниқса, қор ва музларнинг эришидан
ҳосил бўлган катта миқдордаги Ақмола, Қўстанай ва Шимолий Қозоғистон
вилоятларида оғир вазиятни юзага келтирди.