Қозоғистонда Остона халқаро форуми сув тошқинлари туфайли бекор қилинди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги сув тошқини туфайли Остона халқаро форумини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда мисли
кўрилмаган сув тошқини ва кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф
этиш ҳамда мамлакат
фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурлиги
муносабати билан жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Остона халқаро форумини бекор
қилишга қарор қилди”, - дейилади хабарда.
Президент тадбирга таклиф этилган иштирокчилар ушбу қарорга
тушуниш билан ёндашишларига умид билдирди.
Хабарда қайд этилишича, Остона халқаро форуми 2025 йилда ўз
ишини давом эттиради.
Аввалроқ Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатда март ойи бошидан буён хавфли сув тошқини зоналаридан эвакуация қилинганлар сони 100 мингдан ошгани, уларнинг қарийб 40 минг нафари болалар эканини маълум қилган эди. Эвакуация қилинганларнинг 10,1 минг нафари уйларига қайтган.
Ақтўбе,
Қўстанай, Оқмўла, Атирау, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон вилоятларида
қарийб 4 минг хусусий турар-жой бинолари, 2 мингга яқин ҳовли майдонлари ва
қишлоқ уйлари сув остида қолмоқда.
Ҳозирги
кунга қадар авария-қутқарув ишларига 35 551 киши, 3 557 дона техника, 750 та
сув насос ускунаси, 214 та қайиқ, 14 та самолёт жалб этилган.