23.10.2024 15:31

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида божсиз махсус савдо зонаси ташкил этилиши мумкин

22 октябрь куни Самарқандда ўтган Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг қўшма ҳудудлараро форумида Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор таклифлар билан чиқди. Бу ҳақда Gazeta.uz Манғистау ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, Манғистау ва Ўзбекистонни боғлайдиган автомобиль йўли қурилмоқда. Автомобиль қатнови Қозоғистон ҳудудидаги «Тажен» божхона постигача амалга оширилади. Яқинда Қорақалпоғистон марказидан мамлакат чегарасигача бўлган янги автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Бу келажакда Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини бериши қайд этилди.

Нурдавлет Қилибайнинг сўзларига кўра, минтақанинг улгуржи бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот, мева ва қуруқ меваларнинг катта қисми Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Сирдарё далаларидан келтирилади. «Тажен» божхона пости орқали кунига 250−300 га яқин фура ўтади, шундан ўртача 25−30 фура Манғистау вилоятига жўнатилади. Бу қарийб 11 минг тонна маҳсулот дегани.

«Делегациямиз таркибида мамлакатнинг энг йирик улгуржи тарқатиш марказларидан бири бўлган „ОРЦ Актау“ МЧЖ таъсисчиси иштирок этмоқда. Айни пайтда улар зарур савдо майдонини тақдим этишга тўлиқ тайёр ва Ўзбекистон тадбиркорларининг аниқ қадамларини кутмоқда. У ерда „Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган“ савдо майдончасини очиб, қишлоқ хўжалиги ярмаркаларини ташкил этишни истардик», — деди Нурдавлет Қилибай.

Шунингдек, ҳудудлараро форумда Манғистау вилояти ҳокими икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида чегарадош ҳудудда «Хоргос» номли бож олинмайдиган махсус савдо зонасини ташкил этиш таклифини билдирди. Савдо-иқтисодий зонанинг очилиши Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 4 баробар ошириш имконини бериши кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, учрашувда туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Мисол учун, Ўзбекистон туроператорлари учун Манғистау вилоятининг тарихий, маданий ва туристик жойларига ташриф буюришни ўз ичига олган турпакетлар ишлаб чиқилгани ва 2025 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлашга тайёр экани таъкидланди.

Учрашув якунида Манғистау вилояти ҳокимлиги билан Қорақалпоғистон Республикаси, Бейнеу ва Хўжайли туманлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Маълумот учун, Манғистау вилоятида Ўзбекистон иштирокида 140 та корхона рўйхатга олинган. 2023 йил якунларига кўра, ҳудуднинг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 13,2 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистондан импортнинг умумий товар айланмасидаги улуши қарийб 25 фоизни ташкил этади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.