15.05.2024 16:26

Термиз эркин савдо зонасида 15 кунлик визасиз режим жорий этилади

Шавкат Мирзиёев «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирларни тасдиқлади. Фармон Lex.uz'да эълон қилинди.

Фармон билан марказ ҳудудида фаолият юритувчи Ўзбекистонда рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади.

Афғонистон ва Покистон фуқароларига савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни ижарага олиш, шунингдек, истисно тариқасида, мулк ҳуқуқи билан сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Бунда ер участкасига бўлган ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Шу билан бирга, улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида, истисно тариқасида, ўзбек сўми билан бир вақтда АҚШ доллари, Россия рубли, евро, юань валюталарини қабул қилишга рухсат берилади. Бунда қабул қилинган нақд хорижий валюта Марказда ташкил этилган тижорат банклари филиаллари орқали Марказда фаолият юритадиган юридик шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказилади;

Марказ ҳудудида ташкил этиладиган замонавий тиббиёт клиникасида Афғонистон фуқароларига тиббий хизматлар кўрсатилади ҳамда ушбу клиникада даволаш имкони бўлмаган оғир турдаги касалликларга чалинган беморларга республика ҳудудида жойлашган давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларида даволаниш учун тиббий кириш визалари олиш учун йўлланма берилади.

Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар марказ ҳудудига шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида назорат-ўтказиш пунктларида белгиланган тартибда текширувдан ўтказилгандан сўнг киритилади ҳамда уларга марказ ҳудудида ташкил этилган барча хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш визасини расмийлаштирмасдан, чегара ва божхона назоратидан ўтган ҳолда махсус йўлак орқали кириши (чиқиши) ҳамда ўн беш кун муддатгача марказ ҳудудида бўлиши тартиби жорий этилади.

Савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва иншоотларни олган, шунингдек, шартнома асосида ишлаш, таълим муассасаларида ўқиш, банк филиалларида фаолият юритиш, савдо-сотиқ ва бошқа фаолият тури билан шуғулланиш мақсадида ташриф буюраётган мамлакатда ўн беш кундан ортиқ муддат бўлишни режалаштирган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирган ҳолда кириб келишлари талаб этилади.

Янги тартибга мувофиқ марказ ҳудудида:

·        сотиб олинган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax free) қоидалари қўлланмайди; харид қилинган товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига белгиланган тартибда божхона тўловлари тўлангандан сўнг олиб кирилади. Бунда божсиз олиб кириш нормалари татбиқ этилмайди;

·        жойлашган объектларни бошқариш, эксплуатация қилиш, ижарага бериш ва сотиш «Termez International Trade Centre» МЧЖ томонидан амалга оширилади;

·        жамоат тартибини сақлаш, содир этилган ҳуқуқбузарликлар бўйича суриштирув ва тергов тадбирларини ўтказиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда «Сурхон саноат таъминот» МЧЖнинг қуйидаги таклифлари маъқулланади:

·        Марказ ҳудудидаги бино ва иншоотларни мулкий мажмуа сифатида «Termez International Trade Centre» МЧЖга сотиш;

·        «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси дирекцияси давлат унитар корхонасини белгиланган тартибда тугатиш.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва «Termez International Trade Centre» МЧЖнинг Сурхондарё вилояти ҳокимлигига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан Термиз халқаро савдо маркази объектлари қурилишига ажратилган 20 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини қайтариш мажбуриятини «Termez International Trade Centre» МЧЖга ўтказиш ҳамда кредитнинг тўлов муддатини 2028 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.

Марказ ҳудудида бизнес мактабини ташкил этиш кўзда тутилган. Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан марказ ҳудудигача (95 км) экспресс автобус қатновини йўлга қўйилади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.