21.05.2024 12:24
Қозоғистон Ўзбекистон билан иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани ратификация қилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайти хабар берди.
«Давлат раҳбари «Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади», — дейилади Акорда хабарида.
25 апрель куни Қозоғистон Сенати депутатлари иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилганди.
Тегишли битим икки давлат раҳбарлари томонидан 2022 йил 22 декабрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган. 2023 йил 30 ноябрда президент шартномани ратификация қилганди.
Ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда, фуқаро мудофааси ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бўлиб, халқаро майдонда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади.
Шартнома шартларига мувофиқ, томонлар икки давлат парламентлари, сиёсий партиялари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шунингдек, халқаро терроризм, диний экстремизм ва сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, ноқонуний савдо, шу жумладан, хавфсизликка оид янги чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларида ташқи сиёсат, мудофаа, хавфсизлик соҳалари, қурол, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларида яқиндан ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.