22.04.2024 11:43

Қозоғистон жанубидаги қўриқхонада ёнғин содир бўлди

Балхаш вилоятида Иле-Балхаш давлат қўриқхонаси ҳудудида қуриб қолган дарахт ва қамишлар ёниб кетди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, «Казавиаспас» ходимлари аллақачон ёнғин содир бўлган ҳудудга 159 тонна сув ташлаган. Дастлабки ёнғин майдони 18 гектарни ташкил этади.

Вазирлик аҳоли пунктларига ҳеч қандай хавф йўқ, деб ишонтирди. Шу билан бирга, бориш қийин бўлган ботқоқликлар ва кучли шамолларнинг доимий равишда йўналишини ўзгартириши ёнғинларни ўчиришни мураккаблаштирмоқда.

Об-ҳаво хизматлари Қозоғистон жанубида ҳарорат май ойидаёқ 40 даражага кўтарилиши, бу эса ёнғин хавфини кескин оширишини тахмин қилмоқда.

Айни пайтда мамлакат шимолидаги ҳудудлар қор ва музликларнинг тез эриши оқибатида сув тошқинларидан азият чекмоқда. 22 апрель ҳолатига кўра, сув тошқини сабабли эвакуация қилинган 23 085 қозоғистонлик аллақачон уйларига қайтган, 8 872 киши, шу жумладан 3 852 нафари болалар эвакуация марказларида қолмоқда.

Бугунги кунга қадар 4554 та уй ва 2767 ҳовлидан сув тортиб чиқарилган. Бу каби ишлар 5 842 хонадон ва мингдан ортиқ ҳовлида давом эттирилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.