Қозоғистон парламенти ялпи мажлисида Қозоғистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш тўғрисидаги битимни ратификация қилди, деб хабар берди Kazpravda.kz.

Ҳужжатда таъкидланганидек, қонун Қозоғистон ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасида Пекин шаҳрида тузилган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш тўғрисидаги Битимни ратификация қилишга қаратилган. Ундан кўзланган мақсад Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб мультимодал транспортни ривожлантиришдир.

Унда асосан, Қозоғистон ва Хитой ҳудудлари бўйлаб юкларни ташиш учун қулай шарт-шароит яратадиган автомобиль, денгиз ва темир йўл транспортининг афзалликларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

“Ушбу келишув Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб юк ташиш ҳажмини оширишга ва Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришга ёрдам беради”, дейилади хулосада.

Келишув туфайли Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб юкларнинг транзит вақти икки баробарга қисқаради. Хитойдан Европага юк ташишнинг умумий тезлиги 12-13 кунгача қисқаради.

Ҳозирда Хитойдан Европага товарлар транзити 19 кундан 23 кунгача давом этади, шундан Қозоғистон ҳудуди орқали 6 кун.

Мавзуга алоқадор