26.12.2024 14:36
Зеленский қийин танлов қаршисида қолмоқда
Украина шарқида Россия армияси босқинчилик ҳаракатларини давом эттираётган бир пайтда, Киев фронтда кадрлар танқислигига дуч келмоқда. The Guardian’нинг хабар беришича, Украина Қуролли Кучлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари ҳарбийларини пиёда қўшин сифатида жангга ташлашга мажбур бўлмоқда. Бу мамлакат армияси жиддий етишмовчиликка дуч келганидан дарак беради.
Маълумотларга кўра, уруш бошланганидан буён Украина армиясининг йўқотишлари катта бўлган. Жумладан, 80 минг аскар қурбон бўлгани, 400 минг ҳарбий хизматчи жароҳат туфайли сафни тарк этгани айтилмоқда.
Урушдан чарчаш дезертирлик ҳолатларини ҳам кескин оширди. AP маълумотларига кўра, 100 мингга яқин аскар урушдан қочишда айбланган.
Бундай қийинчиликлар Зеленскийни сафарбарлик ёшини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Айни дамда армия учун ёш чегараси 18 ёшдан бошланиши мумкин. Аммо бу қадам Украина учун оғриқли бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд. СССР парчаланганидан кейин туғилишнинг кескин камайиши сабабли Украинада 18-25 ёшли фуқаролар сони анча кам.
Зеленский аввалроқ сафарбарлик ёшини пасайтиришга қарши эканлигини билдирган эди. Аммо ҳолат уни танлов имкониятисиз қолдириши мумкин.
Фронтга чақирилган янги аскарларнинг тайёргарлик даражаси ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. 114-ҳудудий мудофаа бригадаси офицерининг The Guardian нашрига айтишича, янги чақирилган 90 аскардан фақат 24 нафари вазифани бажаришга тайёр, қолганлари кекса, касал ва ичишга муккасидан кетган бўлган.