11.01.2025 08:46
Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан БААда бўлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 2025 йил 13-16 январ кунлари расмий ташриф билан БААда бўлади.
Ташриф давомида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида қатор учрашувлар ва тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Президент Мирзиёев Амирликлар пойтахтида Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан икки томонлама музокаралар олиб боради. Шунингдек, мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилади ва давлат раҳбари "Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" халқаро саммитида иштирок этади.
Дубай шаҳрида эса Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ва Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Ташриф кун тартибида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган масалалар муҳокама қилинади. Инвестициялар, "яшил" энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, инновацион ривожланиш, инфратузилма ва туризм соҳаларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берилади. Маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлади.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилади. Олий даражадаги музокаралар якунида кенг кўламли ҳамкорликка қаратилган муҳим келишувлар тўпламини имзолаш кутилмоқда.