08.01.2025 07:04
Президент Мирзиёев Хитой раҳбарига ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга Тибет минтақасида содир бўлган кучли зилзила муносабати билан ҳамдардлик мактубини йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ҳалокат 2025 йил 7 январь куни Шигацзе шаҳрининг Динжи уездида содир бўлиб, 7,1 магнитудали зилзила юз берди. Зилзила оқибатида юзга яқин одам ҳалок бўлгани ва кўплаб фуқаролар турли даражада жароҳат олгани қайд этилган.
Шавкат Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг тез орада соғайиб кетишини тилади.
Сўнгги маълумотга кўра, қурбонлар сони 126 нафарга етди, 188 киши эса турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда Хитойнинг Sinxua агентлиги маълум қилди.