19.06.2024 10:01

Қозоғистон Украина бўйича тинчлик саммитига бормагани сабабини айтди


Қозоғистон халқаро тадбирлар жадвали тиғизлиги сабаб Швейцарияда бўлиб ўтган тинчлик саммитида иштирок этолмади. Бу ҳақда мамлакат ТИВ вакили Ойбек Смадияров Остонадаги брифинг чоғида маълум қилди.
“Биз халқаро тадбирлар жадвали туфайли ушбу саммитда иштирок этолмадик. Шу боис, ушбу масалада ҳеч нима дея олмаймиз, чунки у ерда бўлмадик”, – деган Смадияров расмий Остонанинг якуний декларацияга қўшилиш имкониятлари ҳақидаги саволга жавобан.
Маълумот учун, Швейцариянинг Бюргенсток шаҳрида бўлиб ўтган саммитда 90 дан ортиқ давлат ва тўртта ташкилот вакиллари иштирок этди. Коммюникени 92 давлатдан 80 таси имзолади. Саммитда Хитой ва Россия вакиллари ҳам қатнашмади.

Аввалроқ Смадияров матбуот анжуманида Остона тинчлик саммитида мамлакатнинг "жадвали ва халқаро позициясини ҳисобга олган ҳолда иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишини" айтганди.

“Қозоғистон тарихан Украина ва Россия билан тенг даражада яқин сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни сақлаб келган. Биз ҳар доим барча мамлакатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, БМТ Низоми тамойилларига риоя қилиш позициясида турамиз. Шу нуқтаи назардан, Россия-Украина можаросини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдоримиз”, – дея қўшимча қилган ТИВ вакили.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.