22.01.2024 14:12

Қозоғистон россиялик пропагандачининг мамлакатга киришини тақиқлади

Қозоғистон россиялик телебошловчи, ТНТ телеканали директори Тина Канделакининг мамлакатга кириши тақиқлади. Бу ҳақда Tengrinews нашри Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияровнинг сўзларига таяниб хабар қилди.

“Кимдир сизга ёқмаса, уни уйингизга киритмайсиз-ку. Биз ҳам шундай қиламиз. Зарурат туғилганида чоралар кўрамиз. Буни бугун ёки эртака қилишимизга мажбурламанг. Давлат бундай нарсани ҳеч қачон кечирмайди. У (Тина Канделаки. – таҳр.) Қозоғистонга келмаётгандир, агар келса ҳам, киритилмайди”, - дея таъкидлади Смадияров.

Аввалроқ Канделаки ўзининг Телеграм-каналида Қозоғистонда гўёки “рус тилини давлат даражасида секин-аста, лекин ишонч билан сиқиб чиқаришда давом этаётгани” ҳақида ёзган эди. Унинг қўшимча қилишича, республика бир нечта темир йўл вокзалларининг номини ўзгартириш ва русча номларни қозоқчага алмаштириш ниятида. Масалан, «Уралск» бекатини «Орал», «Узен» станциясини «Жанаўзен» ва ҳоказоларга алмаштириш таклиф қилинмоқда.

Канделакининг фикрлари Қозоғистонда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, депутат Мақсат Толиқбай Қозоғистон аҳолисининг 70 фоиздан ортиғини этник қозоқлар ташкил этишини ва қозоқ тили мамлакат туб аҳолисининг катта қисмини бирлаштириб туришини эслатиб ўтди.

“Бу инсоннинг шахсий фикри. Унинг Қозоғистонга умуман алоқаси борми? У шу ердамиди? Ҳақиқатан ҳам, ҳеч ким ҳеч нарсани сиқиб чиқармаяпти”, — деди Канделакининг баёнотига парламент депутати Ирина Смирнова.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.