Қозоғистон Олий суди рўмолли ўқувчи қизни ҳимоя қилиб чиқди
Қозоғистон Олий суди рўмол ўрагани учун дарсга киритилмаган ўқувчи қизни ҳимоя қилиб чиқди, деб хабар бермоқда Ulysmedia.kz нашри.
Бу ҳақда
қизнинг манфаатларини ҳимоя қилган таниқли адвокат Жаслан Айтмаганбетов маълумот
берди. Унинг сўзларига кўра, ҳолат Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги мактаблардан
бирида содир бўлган ва мактаб ўқувчиси рўмол ўрагани учун дарсга киритилмаган.
Суд қарори
Ўқувчининг
ота-онаси ва адвокати турли инстанцияларда қизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга
уриниб кўрган ва иш
охир-оқибат Олий судгача етиб борган. Суд қарорига кўра, мактаб раҳбариятининг хатти-ҳаракати
ўқувчининг таълим олиш ҳуқуқини бузган.
“Қозоғистон Республикаси Олий суди ўз қарори билан бундай
чекловлар таълим олиш ҳуқуқини бузаётганини тан олиб, вилоят судининг қарорини
бекор қилди”, — деди адвокат ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.
Жаслан Аитмаганбетов, шунингдек, суд жараёнида қизнинг
мактаб формаси бузилмаганини кўрсатганини таъкидлади. “Буйруқда бош кийимлари ёки пойабзаллар ҳақида ҳеч нарса
айтилмаган, фақат диний атрибутлар ҳақида сўз кетган. Судья: „Ушбу рўмолнинг диний атрибутларга
алоқадорлигини тасдиқловчи экспертиза борми?“, деб сўраганида, судланувчилар
бундай далил келтира олмадилар”, деб тушунтирди Айтмаганбетов.
Адвокатнинг таъкидлашича, шунга ўхшаш ишлар аллақачон
Павлодар, Қарағанда, Олмаота ва Туркистон вилоятларида ҳам кўриб чиқилган ва барча ҳолларда
вилоят судлари ўқувчи қизларнинг ҳуқуқлари бузилганлигини тан олган.
2022 йилда мусулмон мактаб ўқувчиларининг 1600 дан ортиқ
ота-онаси президент
Токаевга мурожаат қилиб, мактабларда намозхоналар очиш ва рўмол ўрашга қўйилган
тақиқни бекор қилиш ёки мусулмон ўқувчиларнинг онлайн таълим олишига рухсат
беришни сўради.
Жамиятдаги баҳс-мунозаралар
2023 йилда мактабларда рўмол ва ҳижобни тақиқлаш масаласи
Қозоғистонда баҳс-мунозараларга сабаб бўлишда давом этди. Баъзилар форма
кийишни талаб қилишса, бошқалар рўмол ўрашда муаммо кўрмади. Июнь ойида ижтимоий
тармоқларда қозоғистонлик ўқувчи қиз ҳижоби туфайли сўнгги қўнғироққа боришга
рухсат берилмагани ҳақида видео тарқалди.
Маданият ва ахборот вазири Аида Балаеванинг таъкидлашича,
кўпчилик бу мавзудан ўз манфаати учун фойдаланмоқда. Таълим вазири Гани Бейсембаев 2024 йилда
динни таълим тизимидан ажратиш кераклигини яна бир бор таъкидлади.