02.09.2024 12:19

Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум 6 октябрда ўтказилади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 6 октябрь куни мамлакатда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум ўтказилишини маълум қилди. Тоқаев парламент қуйи ва юқори палаталарининг қўшма мажлисида референдум ўтказиш санасини маълум қилди.

“Глобал энергия тақчиллиги кучайиб бораётганини ҳисобга олсак, ишончли ва экологик тоза энергия манбаларига жуда муҳтожмиз, шунинг учун, менимча, атом энергетикасини ривожлантиришга катта эътибор қаратишимиз лозим. Ушбу турдаги ишлаб чиқариш жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимиз эҳтиёжларини сезиларли даражада қондиради”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди Tengrinews.

Қозоғистон президенти “мамлакат ҳаёти учун муҳим бўлган ҳар бир қадам халқ қўллаб-қувватлаши билан ташланиши керак”лигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугун референдум ўтказиш санасини белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолайди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда Балхаш кўли қирғоғидаги Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида атом электр станциясини қуришни режалаштирилган. Ҳукумат станция қурилиши билан мамлакат нафақат тоза, балки арзон электр энергиясини ҳам олишига ваъда бермоқда, бу эса паст тарифларни сақлашга ёрдам беради.

Лойиҳа мухолифлари ҳам экологик, ҳам сиёсий сабабларни келтирмоқда. Уларнинг фикрича, АЭСни Россиянинг «Росатом» компанияси қуради, бу эса Қозоғистонни Россияга янада қарам қилиб қўяди ва ҳарбий тўқнашув юзага келган тақдирда, уни нишонга айлантириши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.