05.11.2024 10:44

Қозоғистон Ливандан 40 дан ортиқ фуқароларини эвакуация қилди

Қозоғистон Ливандан 40 дан ортиқ фуқаросини эвакуация қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани муносабати билан мамлакат президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг топшириғига биноан, шунингдек, Қозоғистоннинг тегишли давлат органлари кўмагида Қозоғистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари Ливандан эвакуация қилинди”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, бу операция Истанбул ва Дубай шаҳарлари орқали амалга оширилган. Маълумотларга кўра, 2024 йил 17 октябрдан 31 октябргача Байрутдан Остона ва Олмаота шаҳарларига 41 киши эсон-омон қайтган.

Эвакуация жанговар зонада қолган Қозоғистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилди.

Октябрь ойи бошида Ташқи ишлар вазирлиги Ливан ва Исроилдаги қозоғистонликларни имкон қадар тезроқ ўз элчихоналари билан боғланишга чақирди.

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниел Хагарий яқин соатларда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливанга, жумладан, Байрут ҳудудига янги қатор зарбалар беришини айтган эди.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.