13.11.2024 07:24
Қирғизистонда ҳокимиятни тўнтаришнинг олди олинди
Қирғизистонда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш мақсадида оммавий тартибсизликлар уюштиришни режалаштиришда гумон қилинган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради мамлакат Ички ишлар вазирлиги.
Хабарда келтирилишича, ҳар бир иштирокчи ўз вазифаларини бўлишиб олган: ташкилотчилар, ёрдамчилар, молиячилар, ижрочилар.
Режага кўра, Бишкек яқинида миллий спорт ўйинларини ўтказиш баҳонасида 2024 йил 17 ноябрда бўлиб ўтадиган маҳаллий Кенгашларга сайлов куни зўравонликка чақириш, конституцияга зид чақириқларни илгари суриш, ҳокимиятни яна зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш учун вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилганлар.
7 киши қўлга олинди, улардан уч нафари асли қирғизистонлик бўлган хориж фуқаролари экани маълум қилинди. ИИВ маълумотларига кўра, хорижий фуқаролардан икки нафари хорижий давлат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. Улардан бири Қирғизистонга фуқароларни ёллаш, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ва тартибсизликлар пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини кузатиши керак бўлган бўлса, иккинчиси “учувчисиз учиш учоқлари билан ишлаш бўйича мутахассис, портловчи мосламаларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш бўйича малакага эга бўлган. Ҳибсга олинганлардан яна бири Қирғизистон бош прокурорининг собиқ ўринбосари.
Қўлга олинганлардан қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва дронлар мусодара қилинди. Уларга “Оммавий тартибсизликлар тайёрлашни ташкил этиш”, “уюшган гуруҳ тузиш”, “уюшган гуруҳни молиялаштириш”, “ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга уриниш”, “Қирғизистон Республикаси фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши” каби моддалар билан жиноий ишлар қўзғатилди. Уларнинг барчаси суд қарори билан 2025-йил 10-январга қадар қамоққа олинган.
Kloop бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Кубан Адил уулу ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. У мазкур лавозимда 2021 йилдан бери ишлаб келаётган бўлган. Шу йилнинг апрель ойида мамлакат президенти Садир Жапаров уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилган.