20.12.2023 11:36

Қирғизистонда байроқ дизайни ўзгартирилди: «кунгабоқар» ўрнига «қуёш» бўлади

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) кўпчилик овоз билан давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди – бундан буён давлат рамзи чизмасида қуёш нурлари тўлқинли эмас, балки тўғри бўлади. Қонун лойиҳасини қабул қилиш учун 59 депутат овоз берди, беш нафари қарши овоз берди, дея хабар қилди республика парламенти матбуот хизмати.

1992 йилда тасдиқланган Қирғизистон байроғи қизил мато бўлиб, марказида қуёш диски тасвирланган. Қуёшда 40 та нур бор, улар қадимги қабилаларнинг бирлашувини ифодалайди. Ёритгич ичида тундук - қирғизларнинг анъанавий уйи «боз-уй»нинг ёруғлик туйнуги тасвирланган.

Сентябрь ойи охирида мамлакат парламенти спикери Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примов Қирғизистон байроғини ўзгартириш лойиҳасини муҳокамага тақдим этди. Қонунчиларнинг таъкидлашича, ҳозирги қуёш дизайнини баъзилар кунгабоқарга, айримлар эса ўтовнинг қовурғаларига ўхшатади. Шунинг учун депутатлар қуёш нурларининг шаклини тўлқинли бўлмаслиги учун ўзгартиришни таклиф қилишди.

Бундан ташқари, сиёсатчилар учта тундук таёқ ўрнига байроқда тўрттасини тасвирлашни таклиф қилишди. Маърузачи Шакиев келтирган тарихчиларнинг фикрига кўра, "фақат бой ва ўзига тўқ қирғизларнинг уйларида тўртта тундук таёқ бўлган, камбағалларнинг ўтовида эса учта бўлган".

Республика президенти Садир Жапаров байроқни ўзгартиришни қўллаб-қувватлади. Октябрь ойида сиёсатчи Қирғизистон аҳолиси ва меҳмонлари байроқдаги тасвирни бир неча бор кунгабоқарга қиёслаганини айтди. Қирғизистон раҳбарининг таъкидлашича, байроқ ўзгаришини депутатлар томонидан маъқулланиши “бундан буён қарам бўлмаслигимиздан” далолат беради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.