Жапаров: Қирғизистонни хавфсиз давлатга айлантирамиз
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган иккинчи Халқ қурултойида мамлакат президенти Садир Жапаров қатор масалалар, жумладан, мамлакатдаги ишсизлик муаммоси, миграция кучайиши ҳақида фикр билдирди.
“Бунинг
учун айтаманки, Қирғизистонда иш ўринлари бор. Аксинча, кадрлар
етишмайди. Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ иш ўрни мавжуд. Таълим, тўқимачилик, қурилиш каби
соҳаларда етишмовчилик (ишчи
кучига – таҳр.) мавжуд. Бу соҳаларнинг барчасида яхши маошлар
мавжуд. Яқин келажакда йирик қурилиш лойиҳалари кутилмоқда. Бизга яхши
қурувчилар керак”, — деди Жапаров.
Президент Қирғизистонда рақамлаштириш мавзусига тўхталар
экан, бугунги кунда «Қумтор» конида 300 та видеокамера ўрнатилганини айтди.
“Корхоналар ва фабрикаларда видеокузатув камералари бор.
Улар кечаю кундуз ишлайди. Олтиннинг ҳар бир грами менинг назоратим остида”, -
деди у.
Қирғизистон
етакчиси чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктларида ҳам, божхона
расмийлаштируви пунктларида ҳам видеокузатув камералари уланганини таъкидлади.
“Назорат
пунктларида қанча машина ўтаётганини, қандай юк ўтаётганини кўриш мумкин. Биз
назорат-ўтказиш пунктлари сонини ҳам кўпайтирмоқдамиз. Божхона хизматида ҳеч
қачон бундай очиқ иш бўлмаган”, — деди у.
Қирғизистон чегараларида рақамлаштириш қизғин давом этаётгани таъкидланди.
“Чегарада яшовчи ҳар бир инсон тинч ухлаши керак. Биз Қирғизистон
Республикасини хавфсиз давлатга айлантирамиз”, - дея ваъда берди Жапаров.
Садир Жапаров республика энергетика соҳасида ишлашга ҳам
эътибор қаратди.
“ГЭСларда
қанча энергия сарфланишини ҳам кўриш мумкин. “Токтогул” сув омборида қанча сув
йўқотилаётганини кузатиш мумкин. Мамлакатимиз энергетикаси ҳақида тарқалаётган
миш-мишларга ишонманг. Ҳар бир томчи сув бизнинг назоратимиз остида”, - дея таъкидлади Қирғизистон раҳбари.
Иккинчи
Халқ қурултойи 15 декабрь куни Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров
иштирокида бошланган эди. Қурултой ишида Жўқорғи Кенеш спикери Нурланбек Шакиев, Вазирлар
Маҳкамаси раиси
Оқилбек Жапаров, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат ва муниципал хизматчилар
ҳам иштирок этмоқда.
Халқ сектори 700 делегат, жумладан, республиканинг барча
вилоятларидан 640, этник гуруҳлардан 30 ва чет элдаги меҳнат муҳожирларининг 30 нафарлик делегатидан иборат.