07.05.2024 16:40

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма рўй берди

7 май куни давлат чегарасининг Қирғизистон-Тожикистон участкасида ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодиса юз берди, деб хабар қилди Қирғизистон Чегара хизмати.

Хабарда қайд этилишича, соат 12:20 да Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Лейлек тумани, Оқ-Босоғо қишлоғи яқинида Қирғизистон чегарачиси Тожикистон фуқаролари – давлат чегара чизиғидан 250-300 м масофада Қирғизистон ҳудудида мол боқиб юрган чўпонларни пайқаб қолади.

“Тожикистон фуқаролари чегарачиларнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этиш талабига эътибор бермай, қўшимча равишда ҳарбий хизматчиларга тош отишни бошладилар”, — дейилади хабарда.

Чўпонлардан бири Қирғизистон чегарачиси томон 2-3 марта ўқ узган. Вазият кескинлашувининг олдини олиш мақсадида чегарачилар ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, шундан сўнг чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетишган. Қирғизистон чегарачилари орасида қурбонлар йўқ.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларидан бири оёғидан яраланган, деб ёзади АКИpress.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.