26.04.2024 08:25

Қирғизистон Арманистон ишғолидан озод қилинган қишлоқда мактаб қуради

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Озарбайжонга расмий ташрифи доирасида Арманистон ишғолидан озод қилинган Фузулий ва Агдам туманларида бўлди.

Агдам туманидаги Хидирли қишлоғида Қирғизистон ҳисобидан қурилиши режалаштирилаётган умумтаълим мактабига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Президентлар Фузулидаги арманлар ишғоли давридаги вайроналарни кўздан кечирди. Уларга бу ерда амалга оширилаётган реставрация ва реконструкция ишлари ҳақида маълумот берилди.

Сўнгра Алиев ва Жапаров Агдам шаҳрига бориб, у ердаги тарихий обидаларни зиёрат қилишди, реконструкция ва реставрация ишлари билан танишишди. Давлат раҳбарлари Агдам шаҳрининг қайта тикланган тарихий Жума масжидининг очилиш маросимида иштирок этишди.

Алиев ва Жапаров Агдамнинг Хидирли қишлоғида бўлиб, Қирғизистон томонидан қуриладиган мактаб пойдеворига биринчи тошни қўйишди.

Қайд этилишича, Хидирли қишлоғида умумтаълим мактаби қуриш учун 2,7 гектар майдон ажратилган. Иккита ер усти ва ер ости қаватидан иборат бўладиган бинода 22 та синф хонаси бўлади. Шунингдек, мактабда спорт ва мажлислар зали, 2 меҳнат хонаси, кутубхона, физика-кимё ва биология лабораториялари, 2 информатика хонаси, бошланғич ҳарбий тайёргарлик хонаси бўлади. Мактаб ҳудудига спорт майдончаси, дўконча, ўриндиқлар ўрнатилиб, қозонхона қурилади. Қурилиш ишлари 2024 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Фузулийдаги қурилиш-тиклаш жараёнига Ўзбекистон ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Жумладан, шаҳарда Ўзбекистон томонидан қурилган 1-умумтаълим мактаби «Қорабоғнинг тикланишида хорижий давлатнинг илк совғаси" бўлган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.