28.02.2024 01:29
1641

Қирғиз аёлларига собиқ эри ва қайноталари ҳақида ёмон гапириш тақиқланиши мумкин

Қирғизистонда ажрашган аёлларга ижтимоий тармоқларда собиқ эри ва унинг оиласи ҳақида салбий чиқишларни қилиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда 24kg хабар бермоқда.

Мазкур ташаббусни Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров илгари сурган. У ўзининг ўринбосари Эдил Байсаловга ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётган чиқишларни мониторинг қилишни бошлашни топширди.

Жапаровнинг фикрича, ажрашган аёллар эри ва унинг ота-онаси ҳақида ёмон фикр билдирмаслиги керак, ҳатто улар ҳақиқатан ҳам келинларига нолойиқ муносабатда бўлган бўлсалар ҳам.

“Биз анъана ва урф-одатларимизга зид бўлган маълумотларнинг тарқалишини чеклашимиз керак. Баъзи келинлар ўз отасини мақтаса-да, айни пайтда қайнота ва қайнонасини камситади. Ажрашганда эса ижтимоий тармоқларга ўз фикрларини ёзиб қўяди”, — деди Жапаров.

Нашрнинг қайд этишича, айрим эркакларнинг собиқ рафиқалари ҳақида билдираётган салбий фикри амалдорни безовта қилмаган ва у бундай чиқишларни чекламоқчи эмас.

Маълум учун, Қирғизистон ИИВ маълумотларига кўра, мамлакатда 2023 йилда 13,1 минг оиладаги зўравонлик ҳолатлари расман қайд этилган, қурбонларнинг 95 фоизи аёллардир.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.