12.06.2025 07:25
109
Президент Афғонистон саноат ва савдо вазирини қабул қилди
Кеча, 11 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди.
Қайд этилишича, вазир Ўзбекистон раҳбарига Афғонистон раҳбариятининг саломини етказган.
Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, шунингдек, геология-қидирув ва кончилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
"Ҳайратон" саноат марказини тезроқ қуриш ва унда фармацевтика маҳсулотлари, мебелсозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини жойлаштириш зарурлигини айтиб ўтган.
Президент, шунингдек, Трансафғон темирйўли ва "Сурхон – Пули-Хумри" электр узатиш линияси қурилиши каби йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини билдирди.