25.01.2024 07:20

Озарбайжон делегацияси Европа Кенгаши Парламент ассамблеясидаги фаолиятини тўхтатди

Озарбайжоннинг Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (PACE)даги делегацияси тузилмадаги фаолиятини тўхтатди, дея хабар бермоқда Anadolu.

Делегация баёнотида таъкидланишича, 2001 йилдан 2020 йилгача бўлган ўн тўққиз йил давомида PACE тажовузкор давлат Арманистонни Европа Кенгашининг асосий қадриятлари ва тамойилларига зид бўлган ҳаракатлари учун жавобгарликка торта олмади. Хусусан, бу этник тозалашга учраган озарбайжонлик қочқинлар ва ички кўчирилганларнинг инсон ҳуқуқларига очиқдан-очиқ эътиборсизлик билан боғлиқ.

“Озарбайжоннинг тажовуз, босқинчилик ва зўравон сепаратизм устидан қозонган тарихий ғалабаси, шунингдек, унинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тикланганидан сўнг биз Озарбайжонни қоралаш, республиканинг озарбайжонликларга узоқ муддат рад этиб келинган адолатни тиклаш борасидаги ютуқларига соя соладиган уюштирилган туҳмат кампаниясига дуч келдик. Қарийб йигирма йил давомида Озарбайжон делегацияси арман босқинининг оғир оқибатлари тўғрисидаги масалани кўтарганида, бизга PACE можаролар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун мос формат эмаслигини айтишди. Аммо ҳозир ўша PACE ва ўша депутатлар бунинг тескарисини айтишмоқда ва Озарбайжонга ҳужум қилиш учун бирорта ҳам имкониятни қўлдан бой бермаяпти”, - дейилади баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, халқаро ҳуқуқнинг танлаб талқин қилиниши, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети билан боғлиқ масалаларга турлича муносабатда бўлиши ушбу шармандали таклиф муаллифларининг беадаб ва иккиюзламачилик характеридан далолат беради.

Афсуски, PACE баъзи аъзо давлатларга ҳужум қилиш учун платформа сифатида ишлатилади. PACEнинг асосий тамойилларидан маълум бир тарафкаш гуруҳлар ўзларининг тор манфаатларини илгари суриш учун фойдаланади. Сиёсий коррупция, дискриминация, этник ва диний адоват, икки томонлама стандартлар, такаббурлик ва шовинизм PACEда кенг тарқалган амалиётга айланди.

Озарбайжон делегациясининг фикрича, Озарбайжон делегациясининг Европа Парламент Ассамблеясидаги ваколатларига қарши чиқиш ташаббуси ушбу ёвуз кампаниянинг бир қисмидир.

Озарбайжон парламентарийларининг фикрича, бу ташаббус Озарбайжонда давом этаётган сайлов жараёнига асоссиз равишда аралашишга қасддан қилинган ҳамда номақбул уриниш ва мамлакатдаги демократик институтлар фаолиятига путур етказиш бўйича маккорона ҳаракатларнинг яққол намунасидир.

Баёнотда айтилишича, делегация ваколатларини ратификация қилишни рад этиш таклифи бутун Европа Кенгашининг нуфузи ва холислигига жиддий зарба бўлади ҳамда унинг жиддий ва қайтарилмас оқибатлари учун жавобгарлик бутунлай унинг ташаббускорларига юкланади.

“Дунёда ҳеч ким, шу жумладан, бу хонада ўтирганлар ҳам Озарбайжон билан таҳдид ва шантаж тилида гаплаша олмайди. PACE тарихида ҳеч қачон бу ташкилот ўзини бу даражада уятсиз тутмаган. Европа Парламент Ассамблеясида вужудга келган чидаб бўлмас ирқчилик, озарбайжонофобия ва исломофобия муҳитига қарамасдан, Озарбайжон делегацияси кейинги хабарномага қадар Европа Парламент Ассамблеясидаги ўзаро ҳамкорлиги ва иштирокини тўхтатишга қарор қилди”, — дейилади Озарбайжон делегацияси баёнотида.

Баёнот ўқиб эшиттирилгач, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясидаги Озарбайжон делегацияси мажлис залини тарк этди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.