04.09.2024 15:17

Миср президенти 12 йил ичида илк бор Туркияга келди

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифига биноан Анқарага келади. Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши Анқарада бўлиб ўтади, деб ёзмоқда Yeni Şafak.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 4 сентябрь чоршанба куни Туркияга келди. Бу Миср раҳбарининг Туркияга икки давлат ўртасидаги кескин муносабатлар билан кечган 12 йил ичидаги илк ташрифидир.

Давлат раҳбарлари Туркия ва Миср ўртасидаги Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишига раислик қилади.

Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ҳозирги 10 миллиард доллардан 15 миллиард долларга ошириш режалаштирилмоқда. Туркия президенти маъмуриятининг Коммуникациялар бошқармаси маълумотларига кўра, ташриф чоғида ушбу мақсадга эришиш учун амалга оширилиши лозим бўлган барча чора-тадбирлар кўриб чиқилади. Энергетика, соғлиқни сақлаш, туризм ва мудофаа саноати соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

“Ташриф доирасида президентимизнинг 2024 йил 14 февраль куни Қоҳирага ташрифи чоғида имзоланган Қўшма декларацияга мувофиқ қайта ташкил этилган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг президентлар раислигидаги биринчи мажлиси бўлиб ўтади. Кенгаш йиғилишида Туркия-Миср муносабатларининг барча жиҳатлари, шунингдек, келгуси даврда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўйилиши мумкин бўлган қўшма қадамлар муҳокама қилинади”, — дейилади Туркия президенти маъмуриятининг Коммуникациялар бошқармаси баёнотида.

Икки давлат етакчиси, шунингдек, долзарб минтақавий ва глобал муаммолар, айниқса Исроилнинг Ғазо сектори ва босиб олинган Фаластин ерларига ҳужумлари ҳақида фикр алмашади.

Туркия-Миср Олий даражали стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида мудофаа, энергетика, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида 20 га яқин шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, мазкур ташриф Туркиянинг Мисрга киритган 3 миллиард доллардан зиёд сармояси ҳажмининг янада ошириши кутилмоқда. Хусусан, Туркия Миср билан мудофаа соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кун тартибида.

Шунингдек, энергетика, айниқса, суюлтирилган газ, атом энергетикаси ва қайта тикланадиган энергия соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, Туркиянинг хориждаги жами тўғридан-тўғри сармояси ҳажми бўйича Миср 294 миллион доллар билан 19-ўринда. Миср ҳам Туркияга 45 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий сармоя киритган. Сисининг зиёрати доирасида қўйиладиган қадамлар икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри сармоя улушини оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Ўтган йили Туркиядан Мисрга экспорт 3 миллиард долларни ташкил этди. Худди шу даврда Мисрдан импорт 3,1 миллиард долларни, икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси эса 6,1 миллиард долларни ташкил этди.

Бу даврда Туркиянинг Мисрга экспортида биринчи ўринни иситиш қозонлари, машиналар, механик асбоб-ускуналар, ядро реакторлари, уларнинг эҳтиёт ва бутловчи қисмлари, темир ва пўлат, пластмасса ва улардан тайёрланган буюмлар эгаллади. 

2024 йилнинг 7 ойида Мисрга экспорт 1 миллиард 904 миллион доллар, бу давлатдан импорт эса 1 миллиард 911 миллион долларни ташкил этди.

Ташқи Иқтисодий Алоқалар Кенгаши (DEIK) қошидаги Турк-Миср ишбилармонлар кенгаши раиси Мустафа Денизер икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг тахминан 1 йил аввал нормаллашганига диққат қаратди.

"Миср Туркиянинг иккинчи ишлаб чиқариш базасига айланиши мумкин бўлган стратегик давлатдир. Шимолий Африкадаги энг катта ҳамкоримиз. Шунингдек, у энг кўп савдо ҳажмига эга давлатлардан бири. Бундан ташқари, бизнинг жорий ҳисобимиз ҳали ҳам мавжуд бўлган давлат”, - дея қўшимча қилди Денизер.

Миср ва Туркия ўртасидаги муносабатлар 2013 йилда Сиси давлат тўнтариши уюштириб, Муҳаммад Мурсийнинг қонуний ҳукуматини ағдарганидан сўнг кескинлашганди. Эрдўғон бир неча бор Сисини “қотил ва диктатор” деб атаган. 2013 йилда Мисрда амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг Эрдўғон Қоҳира билан алоқаларини узди. 12 йиллик танаффусдан кейин икки томонлама муносабатларни тиклаш жараёни бошланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.