04.01.2024 19:07
Марказий Осиёга яқин келажакдаги хавф-таҳдид қаердан келади? Ғарбданми, Хитойданми ё Россияданми?
Хавф хатар ва таҳдидлар масаласи жуда кенг қамровли мавзу. Бугун Марказий Осиёга қашшоқлик, ишсизлик, экологик муаммолар катта хавф. Улардан ҳам йириги йирик державалар – Россия, АҚШ ва Хитой ўртасидаги минтақага эга чиқиш учун рақобат курашлари. Айни рақобат МО келажаги учун катта хатарлар. Ўз вақтида Афғонистонда ҳам катта давлатлар, аниқроғи СССР ва АҚШ ўртасидаги рақобат фуқаролар урушини келтириб чиқарган эди.
Бугун эса Марказий Осиёнинг қолган давлатлари узра “қора булутлар” сузиб юрибди. 2020 йили Россия ва Хитой билан МО учун рақобатлашишни истамаслигини минтақага ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби айтган эди. Аммо Россия Украинада уруш бошлаганидан кўп ўтмай, АҚШ ҳам Марказий Осиё давлатлари суверенитетини дастаклаш баҳонасида яна катта ўйинга қўшилди. Аммо бу ўйинда ҳозирча Москва ва Пекиннинг қўли баланд. Марказий Осиё амалда боши берк кўчага кириб қолган. Жуғрофияга қаралса, минтақа Россия ва ХХРнинг ўртасида, буюк давлатлар сиёсати марказида жойлашган. Марказий Осиёнинг икки тарафида жойлашган 2 та буюк давлат – Россия билан Хитой –қайсидир маънода ўзаро муроса йўлини танлаган, улар, асосан, Ғарб билан зиддиятга ўралашиб қолган. Марказий Осиё фойдаланишни истаётган ёки фойдаланаётган кўп векторли ёндашувни ушбу контекстда амалга ошириш жуда қийин.
Ғарбда ҳеч ким минтақа Хитой ва Россия билан муносабатларини бас қилишини кутиб ўтиргани йўқ. Бунинг иложи йўқлиги тушунарли. Марказий Осиё “Евроосиё суперконтиненти юраги” саналади ва Москва, Пекин, Вашингтон учун ҳам мазкур минтақа билан муносабатлар муҳим ўрин тутади. Бу йил С5+1 саммитида АҚШ президенти ва Марказий Осиёнинг барча беш давлати раҳбарларининг илк учрашуви бўлганлиги билан ажралиб туради. С5+1 форматининг ўзи янгилик эмас, деярли 10 йилдан бери Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби ушбу формат доирасида учрашиб келади. Нега бу сафар мазкур учрашув президентлар даражасида ўтказилмоқда? Қўшма Штатлар, ниҳоят, Марказий Осиё бўйича жиддий стратегияга муҳтожлигини тушунди. Илгари сиёсат асосан Афғонистон ёки бошқа муаммолар нуқтаи назаридан кўриб чиқилар эди. АҚШ стратегияси гўё Афғонистон стратегиясига шунчаки қўшимча бўлиб, Марказий Осиёга қаратилмагандек эди. Украинадаги уруш бу минтақанинг нақадар муҳимлигини кўрсатди. АҚШ охирги икки йил ичида дуч келган иккита энг муҳим ташқи сиёсат муаммоси (Афғонистон ва Украинадаги уруш) ҳақида гап кетганда, Марказий Осиё иккаласининг марказида эканини унутмаслик керак.
Май ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин “Хитой-Марказий Осиё” биринчи саммитида Марказий Осиё давлатларининг беш етакчисини қабул қилди. Россия президенти Владимир Путин 2022 йил октябрь ойида Остона шаҳрида тарихда биринчи бўлиб ўтган “Россия-Марказий Осиё” саммити доирасида беш давлат раҳбари билан учрашган эди. Ҳозир минтақада ҳақиқатан ҳам қизиқ давр, чунки биз кўп қутбли тизимдамиз. Демак, минтақавий кучлар кўпроқ таъсирга эга. Афғонистондаги уруш пайтида Марказий Осиёга кўпчилик АҚШ-Россия рақобати призмасидан қараган эди. Энди биз Хитой ва Россия ўртасидаги рақобат призмасидан Марказий Осиё ҳақида гапиряпмиз. Бу давлатлар доимо минтақадаги мулоқот иштирокчилари бўлиб қолади. Аммо муҳокамаларда Хитой ва Россия ҳукмронлигига жуда кўп эътибор қаратилмоқда.
Очиқ тан олиш керак, минтақамизда ҳукмронлик қилмоқчи бўлган ҳар бир давлатнинг ўзига хос хавфи бор. Келинг, уларни таҳлил қилиб кўришга интилайлик. 1990-йилларнинг бошида Марказий Осиё Россия учун “проезддан узиб қўйилган вагон”га ўхшарди, аммо бугун Кремль бу “вагон”ни “эшелон”га қаттиқроқ боғлашга уринаяпти. Чунки 90-йилларнинг бошида Москва эйфорияга берилиб, Ғарбга юз бурган, Ғарб бизни очиқ қарши олади, НАТО ва Евроиттифоққа зудлик билан қабул қилади, деган ўй ҳаёлда эди. Аммо акси бўлди. Коррупция ва жиноятчилик авж олган Россияни ҳеч ким бағрини очиб кутиб олмади. Владимир Путин ҳокимият тепасига келгач, Россиянинг аввалги қудрати ва мавқеини тиклашга қарор қилди. Биринчи навбатда, собиқ совет республикалари, шу жумладан, Марказий Осиёни ўзининг ҳаётий стратегик манфаатлари ҳудуди деб эълон қилди. Бу йўлда сиёсий ва иқтисодий воситалардан фойдаланишга уринаяпти. Очиғини айтганда, Марказий Осиёнинг иқтисодий қиймати Россия учун у қадар баланд эмас, энг асосийси, энергия ресурслари транзити учун манфаатдор. Москванинг минтақадаги бош мақсади – ўз манфаатлари доирасини яратиш, собиқ совет республикаларини “ўз малайига айлантириш, имкони борича, ташқи акторлар, биринчи навбатда АҚШ таъсир доирасини камайтиришга эришиш. Бу сиёсатда Қозоғистон ва Ўзбекистон билан муносабатлар алоҳида ўрин эгаллайди. Аммо бир нарсани унутмаслик керак. Ўтган асрнинг охирида америкалик сиёсатшунос Збигнев Бжезинский ёзганидек, Россия минтақани ташқи кучлар учун буткул ёпишга сиёсий жиҳатдан ўта заифлик қилади, мазкур ҳудудларни фақат ўз кучи билан ўзлаштириш учун ўта қашшоқлик қилади.
XXI асрда ҳам вазият деярли ўзгармади. Россиянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари, биринчидан, унинг минтақада таъсирини сақлаб қолишга интилиши, собиқ совет макони қолдиқларини ўз паноҳида ушлаб туриши билан изоҳланади. Бу билан жаҳонда бўлмаса-да, Евроосиёдаги держава номини тасдиқлашларига эришини истайди. Бундай иддаолар Кремль ташқи сиёсатининг энг асосий мотивацияларидан бири саналади. Дунёнинг ҳар бир нуқтасида йўқолиб бораётган таъсири сабабли Москва бу касаликка чалинган. Бу ўринда собиқ совет республикалари Кремль етакчиликка даъвогарлик қилаётган дунёнинг ягона қисми. Аммо у ҳам “лиқиллаб” қолган. Иккинчидан, Россия манфаатлари ўзига мойил ва у билан муносабатларни ривожлантиришга тайёр режимларни сақлаб қолиш ва дастаклашни талаб этади. Бу вазифаларни уддалаш ҳам тобора мураккашлашиб бормоқда. Айниқса, Россиядаги қатор сиёсатчиларнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон каби Марказий Осиё республикаларини Украина мағлуб этилгандан кейин қўшиб олишга қаратилган баёнотлари бу давлатлардаги аҳолини ташвишга солиб қўйди. Боз устига, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсати кўпқутблилиги билан ажралиб туради. Фақат Россияга қараб сиёсат юритиш йўналиши аллақачон барбод бўлган. Туркманистан бошидан ўзининг ташқи сиёсий нейтралитетини эълон қилиб, Россияга чақириқ ташлаб бўлган.
Учинчидан, Россия Марказий Осиёда ташқи кучлар, биринчи навбатда Қўшма Штатлар таъсирини ошишига йўл қўймасликка интилмоқда. Ташқи акторларнинг фаоллигини тўхтата олмаслигини тушунган Кремль АҚШ ва Хитой каби давлатлар билан рақобат ва шерикликда мувозанатни топишга интиляпти. Хитой экспансияси аввало, иқтисодий ва молиявий интилишлар билан чекланади. Хитой ўзини Марказий Осиё билан боғлайдиган кўп тармоқли транспорт ва энергетика инфратузилмаларни яратишга кўмаклашяпти, айни вақтда ўзига ғарбий, яъни Европа йўналиши учун йўл очишга киришган. Демак, Пекин “рус майдони” да Марказий Осиё билан муносабатларни ривожлантиришга интилаётган бўлса, Россия ҳам минтақавий инфратузилмаларни яратишга даъвогарлик қилмоқда. Хитой чақириғига жавобан, Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти каби интеграция лойиҳалари орқали минтақа билан боғланиб турибди. Россия Украина уруши билан машғул бўлиб тургани сабабидан жанубий чегараларида беқарорлик бўлишини истамайди. Яъни Москва МОни жанубий сарҳадлари деб билади. Бироқ улар ўртасида келажакда сув ёки ҳудудлар деб низолар чиқса, уларни тўхтатиш баҳонасида ўз армиясини олиб киради. Бу МОнинг суверенитетига бевосита таҳдид демакдир!
Аммо Хитой намойишкорона равишда Марказий Осиё давлатларининг ички ишларига аралашидан бош тортади. Пекин бу давлатларда ким ҳокимият тепасига келмасин, қудратли қўшниси Россия билан жанжаллашиб қолишни истамайди. Хитойнинг МОда ўсиб бораётган иштироки Россиянинг иқтисодий фаоллигини тормозлаб қўйди, аммо Кремлда буни муқаррар ҳодиса деб қабул қилишади, улар фикрича, Марказий Осиё – бу икки қудратли давлатнинг шерикликдаги ҳудуди. Бу ҳамкорликнинг рамзи эса Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти. Хитой билан ўйин қоидаларини келишиб олган Россия АҚШга унинг минтақадаги таъсирини чеклаш мақсадида кескин қаршилик кўрсатяпти. Россия тил ва миграция туфайли узоқ вақт давомида таълим, маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳасида Хитойга қараганда каттароқ таъсирга эга бўлади: Россияда Марказий Осиёдан жуда кўп муҳожир ишлайди. Ҳозир эса Россия жуда қийин аҳволда. У урушда қатнашган ёки ҳалок бўлган кўплаб эркакларини йўқотди. Бу Марказий Осиёлик муҳожирларни Россия учун янада керакли қилиб қўяди ва минтақани Москва билан яна яқинроқ қилади.
Бироқ Россияда бош кўтараётган шовинизм ва миллатчилик МО га катта хавф. Ҳақиқатдан ҳам бир неча йиллардан бери кўпроқ Қозоғистон россиялик сиёсатчиларнинг нишонига айланиб қолган эди. Улар Қозоғистонни информацион хуружлар ва дўқ-пўписалар орқали қўрқитиб, нодўстона муҳит яратиб келган. Буни мен сўнгги йилларда Россияда неоимпериячилик кайфияти кучайгани билан боғлаган бўлардим. Россияда тобора эски “шонли кунларини” қумсаётган сиёсатчилар кучайиб, неоимпериячилик ғоялари авж олди. Россия «собиқ Совет маконидаги республикалар Россиянинг таъсир доирасида қолиши керак», деган ғояни тарқатаверди. Бу шундай кўринишга айландики, кўплаб экспертлар буни таҳдид сифатида кўра бошлади. Албатта, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон Россия билан чегарадош эмас. Шу сабабдан Қозоғистон биринчи нишонга айланди. Қолаверса, Қозоғистон Россия билан қуруқликдаги энг узун чегарага эга. Шу сабабдан ҳам Қозоғистон Россиянинг тазйиқларига очиқ давлат ҳисобланади.
АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегияси собиқ совет республикалари, жумладан, МО мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверененитетини қўллаб-қувватлаш, минтақавий барқарорликни таъминлаш, можароларнинг олдини олиш, шунингдек, жамиятни демократлаштириш ва иқтисодий тараққиётга кўмаклашишдан иборат. Бу стратегик вазифаларни Россияга чақириқ, деб баҳолаш мумкин. Чунки бу ўринда суверенитет МО мамлакатларини собиқ “метрополия” дан катта мустақиллигини англатса, демократлаштириш эса – ғарб моделларига яқин сиёсий тизимлар яратишни кўзда тутади. АҚШ маҳаллий иқтисодиётларни ислоҳ қилишга ёрдам бермоқда, модернизацияга муҳтож Россиянинг ўзи эса чекланган миқёсда кўмак бериши мумкин. Бироқ Марказий Осиё режимлари Россияга қаттиқ суянганлари боис, АҚШ минтақага демократия ёйишни истаганлиги сабабли, режимлар АҚШни ўзига хатар деб билади. Катта Яқин Шарқ сиёсатини давом эттираётган Вашингтон мабодо, минтақада ҳукмронлик ўрнатмоқчи бўлса, албатта, Яқин Шарқ ва Африкада бўлгани каби, МО мамлакатлари ҳукмдорларини ҳам ағдаришга, улар ўрнига ўз малайларини тайинлашга уринади. Бошқа томондан, ИШИД лойиҳаси бевосита АҚШга тегишли. Агар улар Россия ва Хитой билан зимдан курашмоқчи бўлса, Афғонистондаги “сокин ИШИД” чиларни уйғотади. Ёки Вашингтоннинг қўли билан Тайван-Хитой уруши бошланса, бу Шинжонда ҳам мустақиллик учун кураш бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
АҚШ Хитойнинг ўсиб бораётган қудратидан хавотирда. Шунинг учун Марказий Осиёда ҳам, Европада ҳам “Бир макон бир йўл” ташаббуслари лойиҳасига нисбатан муаммо яратади. Гап шундаки, Хитой бу минтақани Европа ва Яқин Шарққа йўл сифатида кўради. Илгари Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” концепцияси асосан Қозоғистон, кейин эса Россия, Украина ва Беларусь орқали Европа билан боғланишга қаратилган эди. Украина ушбу лойиҳанинг муҳим маркази эди, кейин 2014 йил воқеалари содир бўлди. Натижада улар Беларусга кўчиб ўтишди, аммо 2020 йилда сохта сайловлар айбловлари ортидан Беларусда давлат тўнтаришига уриниш содир бўлди. Беларусь ҳам Россиянинг орбитасига тушди. Шундай экан, энди Хитойнинг Европага кириши учун Россия, Украина ёки Беларусдан фойдаланиши қийин бўлади.
Россия ва АҚШ энергетик ўйинлари ҳам катта таҳдид. Қўшма Штатлар узоқ вақтдан бери Марказий Осиёнинг энергетика секторига йирик сармоядор бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Ҳозир Марказий Осиёнинг Каспий денгизи орқали ғарбга кўпроқ нефт ва газ экспорт қилишига ёрдам бериш масаласи муҳокама қилинмоқда, чунки Европа Россиядан газ сотиб олишни тўхтатди ва муқобил манбаларга қизиқиш билдирмоқда. Транскаспий қувурлари Бокуга ва у ердан мавжуд нефть ва газ қувурларига уланиши керак. Лекин Хитой ҳам Боку билан боғланишдан манфаатдор, шу боис газ шарққа кетадими ёки ғарбгами, деган рақобат бўлиши мумкин. Россия эса Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали Хитой, Покистон ва Жанубий Осиё бозорларига газ қувурлари ўтказишдан манфаатдор. Бу яқин келажакда ўйинларни ва у орқаи зиддиятларни кучайтириб юборади.
Аммо мустақиллигимиз учун учун энг катта хавф барибир Россия! Менимча, Россиянинг тўлиқ қулаши эмас, шунчаки ҳар қандай заифлашуви, дейлик, катта ҳарбий муваффақиятсизлиги, Марказий Осиёга ўз сиёсатини белгилашда кўпроқ мустақиллик беради. Бунинг тескарисини тасаввур қилиш керак: у Украинани босиб олди ёки унинг муҳим қисмини эгаллади деб тахмин қилайлик. Бу Марказий Осиё учун жуда ёмон бўларди, чунки Россия Шимолий Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъволарни билдирган. Украина билан содир бўлган воқеа Қозоғистонга нисбатан ҳам содир бўлиши мумкин. Аммо Россия жуда заифлашса, бу таҳдид йўқолади. Ўйлайманки, шунда Марказий Осиё руслар нима деркин, улар қандай муносабатда бўларкин ва ҳоказоларни ўйламай, ўзи қарор қабул қила олади. Бошқа томондан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сиёсий ва иқтисодий оғизбирлик йўқ. Агар бу минтақа давлатлари чегара назоратини ўрнатмай, иқтисодий миллатчилик сиёсатини олиб бормай, ягона бозорга бирлашганида эди, улар анча катта бозорларга эга бўлиб, гуллаб-яшнаши мумкин эди. Буни, эҳтимол, вақти келиб мамлакатлар раҳбарлари амалга оширар.
Санкция масаласи ҳам Марказий Осиё учун жуда оғриқли, чунки Афғонистон жанубдан, Эрон жануби-ғарбдан, ҳозир эса Россия шимолдан санкциялар остида қолган. Бундан ташқари, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳам ёмонлашган. Марказий Осиёда денгизга чиқиш имкони йўқ экан, савдо қилиш учун қўшнилар керак. Аҳоли камбағал, иқтисодий ўсиш керак. Марказий Осиё давлатлари санкцияларга риоя қилишни истайди, лекин улар жуда оғир иқтисодий шароитда ҳозир. Минтақадаги ҳеч бир давлат Россиянинг Украинада муваффақият қозонишини, бу урушда ғалаба қозонишини истамайди, лекин иқтисодий жиҳатдан улар жуда катта зарар кўряпти. Яқин истиқболда Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодий двигателлари иқтисодий интеграция ва ҳамкорлик орқали минтақани кўтариб, қашшоқлик муаммосини ҳал қилишига умид қиламиз, албатта.
Абдували Сойибназаров
сиёсатшунос