18.06.2025 07:20
34
Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди
Кеча, 17 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида "Марказий Осиё – Хитой" иккинчи саммитида иштирок этаётгани ҳақида хабар бергандик.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой раиси Си Цзинпин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Мирзиёев ҳам ушбу учрашувда нутқ сўзлаб, халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, йўқотиш ва талафотларга сабаб бўладиган можаролар янгидан аланга олмоқда, глобал ва минтақавий даражадаги йирик давлатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик кучаймоқда.
Низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун эса куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди.
"Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан – музокаралар столида ҳал этилиши шарт", деган у.
Йиғилиш сўнгида давлат раҳбарлари Остона декларацияси ва Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар.