23.08.2024 08:00

Илҳом Алиев Ўзбекистонда: кун тартибида нималар бор?

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22 август куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Тошкент халқаро аэропортида Озарбайжон раҳбарини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги расмийлар кутиб олди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.

Саммит кун тартибидан:

  • Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш;
  • Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш;
  • кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш;
  • ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш;
  • транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш;

  • маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар ўрин олган.

Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.

Хусусан, 22 август куни Тошкентда Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди. «Репорт» хабарига кўра, форумда ҳар икки томон мутасаддиларидан ташқари, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 300 нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Ўзбекистонга ташрифидан аввал, 19 август куни Бокуда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.