28.06.2024 17:00
Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг 3 та компаниясига санкция қўллади
Ўзбекистоннинг учта компанияси ҳам Европа иттифоқининг 14-санкциялар пакетидан жой олди. Бу ҳақда Yeni Şafak нашри ўз манбаларига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, чекловлар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи ёки таҳдид солувчи ҳаракатлар учун жавобгар бўлган яна 116 нафар жисмоний ва юридик шахсни ўз ичига олган.
Чекловга учраган юридик шахслар қаторида “Артек” болалар оромгоҳи, Қодиров жамоат фонди, “Урал” авиакомпанияси ва “Совкомфлот” ҳам бор.
"Қора рўйхат"га Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон компаниялари ҳам киритилган. Жумладан, Қозоғистоннинг Da Group 22, TOO Elem Group компаниялари, Қирғизистоннинг "Мюллер Маркт", "ПроффЛаб" савдо компаниялари ҳамда Ўзбекистоннинг 3 та – Alfa Beta Creative LLC, GFK Logistics Asia LLC, Mvizion LLC компанияларига нисбатан жазо чоралари қўлланилган.
Бундан ташқари, навбатдаги санкция пакети қуйидагиларни ўз ичига олган:
- санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланиладиган Россиянинг “соя флоти” деб аталадиган 27 та кемасига нисбатан чекловлар;
- инвестицияларни тақиқлаш, Арcтиc СТГ 2 ва Мурманск СТГ каби СТГ лойиҳаларини якунлаш учун товарлар, технологиялар ва хизматларни тақдим этиш;
- ЕИ ўз авиакомпанияларига Россиядан жисмоний ва юридик шахслар буюртма қилган дунё бўйлаб чартер ва хусусий рейсларни амалга оширишга тақиқ;
- учинчи мамлакатларга ҳарбий техникани сотувчи Европа компаниялари Россияга реекспорт хавфини аниқлаш ва баҳолаш ва уларни камайтиришга қодир механизмларни жорий этишлари керак;
- Россиядан гелий импортини ва марганец рудаларини, бир қатор пластмасса турларини, ноёб тупроқ элементларини ва электрон компонентларни Россияга экспорт қилишга тақиқ;
- ЕИдаги сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар ва медиа компанияларнинг Россия ҳукуматидан пул олишига тақиқ;
- Россия банкининг молиявий хабарларни узатиш тизими (SWIFTънинг русча аналоги) бўйича чора-тадбирлар;
- россияликлар томонидан маълум турдаги интеллектуал мулкни Европада рўйхатдан ўтказишга тақиқ;
- санкциялар қўлланиши натижасида Россия компаниялари томонидан уларга етказилган зарарни қоплашни талаб қиладиган Европа компанияларига тақиқ.