Эл-Ниньо Марказий Осиёга таҳдид солмоқда – Ақилбек Жапаров
Тинч океанидаги Эл-Ниньо иқлим ҳодисаси Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти учун муаммога айланиши мумкин, дея таъкидлади Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров.
“Мутахассисларнинг
прогнозларига кўра, 2024 йил Тинч океанидаги Эл-Ниньо кенг кўламли иқлим
ҳодисаси туфайли рекорд даражадаги иссиқ йиллардан бири бўлиши мумкин, бу эса шусиз
ҳам 2023 йилда энг юқори чўққига чиққан глобал ҳароратга катта таъсир
кўрсатади. Шунинг учун 2024 йилда ҳароратнинг янада ошиши эҳтимоли юқори”, —
деди Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров.
Қирғизистон
ҳукумати раҳбари узоқ муддатли прогнозларга эътибор қаратиб, иқтисодий
муаммолар бутун Марказий Осиёга таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг
сўзларига кўра, 2050 йилга бориб минтақада аҳоли сони 27 фоизга ўсиши
кутилмоқда, бу эса озиқ-овқатга 35 фоиз, ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг 50
фоизга ошишига олиб келади.
Жапаров келгусида
сув ресурслари ва яшил энергия Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги
ҳамкорликнинг асосий бўғини бўлиши лозимлигини таъкидлади. Вазирлар
Маҳкамаси раҳбари ушбу ресурслар минтақадаги барча давлатларнинг барқарор
ривожланишининг асосига айланиши керак, деган фикрни билдирди.
2023 йил охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йилда
сувдан норационал фойдаланиш туфайли фавқулодда тежамкорлик режими жорий этиш
ниятида эканлигини маълум қилиб, бу мамлакат иқтисодиёти учун жиддий
муаммоларни келтириб чиқарганини таъкидлади.
Эл-Ниньо – Тинч океанининг сирт қатламидаги ҳарорат ўзгариши
ҳодисаси. У иқлимга сезиларли таъсир кўрсатиш ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари: ўрмон ёнғинларидан тропик
циклонлар ва узоқ муддатли қурғоқчиликни келтириб чиқариш қобилияти
билан ажралиб туради.