21.03.2024 11:47

Океанлар сатҳида рекорд даражада иссиқ ҳарорат қайд этилди

Дунё океанининг сирт ҳарорати 2023 йилда 2022 йилга нисбатан Цельсий бўйича ўртача 0,25 даражага ошди. Ўзгаришни тушуниш учун: авваллари бундай ўсиш тахминан йигирма йилда кузатилган. Бу ҳақда Буюк Британия Миллий океанология маркази (NOAA) ходими, профессор Грегори Жонсон маълум қилдиУнинг сўзларига кўра, сув ҳарорати кўтарилиши денгизда айрим турларнинг қутбларга кўчишига сабаб бўлган.

АҚШдаги Мейн университетининг Climate Reanalyzer сайти ва NOAA маълумотларига кўра, 13 март, чоршанба куни денгиз сатҳининг ўртача кунлик ҳарорати 21,2 даражани ташкил этиб, рекорд ўрнатди. Аввалги энг юқори ҳарорат ўтган йилнинг август ойида 21,1 даражани ташкил этган эди.

Европа Иттифоқининг Copernicus иқлим ўзгаришини кузатиш агентлиги ҳисоботига кўра, февраль ойи қишнинг рекорд даражадаги энг иссиқ иккинчи ойи бўлди ва бу денгиз юзаси ҳароратига таъсир кўрсатди.

Денгиз юзасининг глобал ҳарорати февраль ойида ўртача 21,06 даражани, кундузги денгиз юзаси ҳарорати эса ой охирида 21,09 даражани ташкил этди.

Сувнинг энг юқори ҳарорати Атлантика океани ва марказий Тинч океани, Ҳинд океани, Ўрта ер ва Қора денгиз ҳавзалари, Қизил денгиз ва Форс кўрфазида қайд этилган.

Профессор Жонсоннинг Anadolu агентлигига айтишича, океан суви ҳозирда саноат инқилобидан олдингига нисбатан ўртача 1 даража иссиқроқ ва иқлим ўзгариши экстремал ҳароратни келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, океанлар ер усти сувлари ҳароратининг ошиши 2023 йилда рекорд даражага етди.

“Менимча, денгиз юзаси ҳарорати 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 0,25 даражага ошган. Ўлчовни тушуниш учун: илгари бундай ўсиш тахминан йигирма йил давом этган. Эл Ниньо ва Ла Ниньо об-ҳаво шароитлари туфайли йилдан-йилга ўзгаришлар содир бўлган бўлса-да, бу сафаргиси, барибир, тарихдаги энг катта сакрашлардан бирига айланди. Бошқа томондан, ҳарорат ҳар доим шундай бўлади, дейишга ҳали эрта, - деди профессор.

Жонсон денгизда ташишда дизель ёқилғисидан фойдаланиш ва вулқон отилиши каби табиий ҳодисаларни, масалан, 2022 йил январида Хунга Тонга Хунга Хапаи вулқонининг отилишини океан юзаси ҳароратининг кўтарилишига ҳисса қўшувчи омиллар сифатида келтирди.

“Ушбу вулқон атмосферага жуда катта миқдорда сув буғларини чиқарди. Албатта, бу кичик омил, лекин, барибир, потенциал таъсир кўрсатиши мумкин”, — деди у.

Океанларда эсаётган шамолларнинг заифлашиши натижасида океан юзасидаги сувнинг чуқурликка қоришиб кета олмаслиги ҳам ер усти сувлари ҳароратининг ошишига сабаб бўлиши мумкин, дея таъкидлади агентлик суҳбатдоши.

NОАА қарийб икки километр чуқурликдаги сув ҳароратини ўлчаш учун 20 йилдан бери илғор технологиядан фойдаланмоқда, деди у.

“Бу маълумотлар бизга нафақат океанлар юзаси, балки чуқур океанлар ҳам исинаётганини кўрсатади. Ҳатто Антарктида атрофидаги анча совуқ ва океанлардаги иссиқликни ўзига сингдириши билан маълум бўлган сувлар ҳам исиб кетди”, — дея қўшимча қилди у.

Жонсон океанлар юзасида ҳароратнинг ошиши уларнинг экотизимида ўзгаришларга сабаб бўлаётганига эътибор қаратди.

“Ер юзасида сув ҳароратининг кўтарилиши туфайли океандаги мавжудодларнинг баъзи турлари қутблар томон йўналган бўлса, бошқалари эса чуқурликка қараб ҳаракатланмоқда. Маржон рифлари каби жойлашувни ўзгартира олмайдиган организмлар учун вазият бошқача. Биз бутун экотизим учун муҳим бўлган маржон рифларининг сезиларли даражада қорайишини кўрмоқдамиз. Иссиқлик, шунингдек, қизил сув тошқини каби зарарли сув ўтлари миқдорини оширади, - деди у.

Профессорнинг сўзларига кўра, исиш туфайли денгиз қушлари ва сутэмизувчилар турлари нобуд бўлмоқда. “Океан юзасидаги юқори ҳароратлар чуқурликка аралаша олмаслиги натижасида ер юзасида қатлам ҳосил бўлди. Бу қатлам туфайли океан тубидаги планктон учун зарур бўлган озиқ моддалар юқорига кўтарила олмайди, сиртдаги кислород эса чуқурликка чўкмайди”, — деди профессор.

Унинг сўзларига кўра, океан тубидаги организмлар учун зарур бўлган кислород миқдори ҳам камаймоқда.

"Кислородга бўлган эҳтиёжини қондириш учун бу ҳайвонлар ер юзасига чиқишга ҳаракат қилмоқда, аммо, афсуски, юқоридаги сув улар учун жуда иссиқ", - деди у.

Океандаги бундай ўзгаришлар минглаб одамлар тирикчилигига боғлиқ бўлган балиқчилик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда, деди Жонсон.

Бундан ташқари, тропик океанлар юзасидаги иссиқлик кучлироқ бўронларнинг вужудга келиши учун зарур бўлган энергияни ҳосил қилиб, интенсив ва янада вайронкор бўронларни пайдо қилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.