23.04.2024 10:53

Британия ташқи ишлар вазири Марказий Осиё давлатларига ташрифини бошлади

Британия ташқи ишлари вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғилистонга ташрифини бошлади. Дастлаб, 22 апрель куни Тожикистонда бўлиб, мамлакат раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Сўнгра шу куни кечқурун Бишкекка йўл олди.

Тожикистонга ташриф

Ташриф доирасида Кэмерон Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди, дея хабар беради Тожикистон президенти сайтида. Учрашувда Тожикистон ва Британия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

“Биз Британияни Ғарбий Европадаги муҳим ҳамкор деб биламиз. Мамлакатимиз Қироллик билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда”, — деди Раҳмон.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар муҳокама қилинди. Учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири парламентлараро алоқаларни кенгайтириш бўлди.

Тожикистоннинг тоғ-кон саноати, металлургия, енгил, озиқ-овқат, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига Қиролликдан сармоя жалб этиш зарур деб топилди. Томонлар, шунингдек, “яшил энергия” ишлаб чиқариш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Сув ва иқлим муаммоларини ҳал қилиш, меҳнат миграцияси, давлатлар ўртасида ҳаво йўллари очишда мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинди.

Учрашувда Тожикистон ва Британиянинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ҳамкорлиги масаласига ҳам тўхтаб ўтилди.

Дэвид Кэмерон Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин билан ҳам учрашди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги асосий масалаларни кўриб чиқдилар. Қайд этилишича, ушбу учрашув доирасида вазирлар Тожикистон ва Буюк Британия ўртасида келгусида Душанбе ва Лондон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни очиш учун асос яратувчи ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолашди.

Дэвид Кэмерон Тожикистонга ташрифи доирасида “Нурек” ГЭС фаолияти билан ҳам танишди. Дэвид Кэмероннинг сўзларига кўра, йирик экологик лойиҳалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, тижорат ва маданий-гуманитар масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд.

“Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция жамғармасини яратиш, иқлимга сармоялар киритиш, Тожикистон Республикасида ва умуман, Марказий Осиё давлатларида ҳар бир ўқитувчи ва инглиз тилини севувчилар мисолида инглиз тилини ўрганувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш имконияти мавжуд”, - деди у.

Қирғизистонга ташриф

Дэвид Кэмерон 22 апрель куни Тожкистондаги ташрифини якунлаб, Бишкекка етиб келди. Шу куннинг ўзида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашув ўтказди.

Кэмерон Қирғизистоннинг иқтисодий соҳада Хитой бошчилигидаги ҳамкорлари борлигини ва мамлакат ҳамкор танлаш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон раҳбарияти билан бугунги учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинган ва уни ривожлантириш учун имкониятлар мавжуд.

Кэмерон Қирғизистоннинг сув ресурсларига бой эканлигини таъкидлаб, иқлим ўзгариши шароитида экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини, шу муносабат билан Британия ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун сармоя фонди ташкил этишини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, у Қирғизистон билан хусусий сармоя соҳасида ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаб, Бишкекдаги стадион қурилишида Британия компаниялари иштирок этаётганини айтди.

Ташриф доирасида Дэвид Кэмерон Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашгани маълум қилинди.

Президент маъмуриятининг маълум қилишича, томонлар ўртасидаги суҳбат Қирғизистон-Британия икки томонлама ҳамкорлиги, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида бўлган.

Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида таълим ва мавсумий меҳнат миграцияси масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Садир Жапаров ва Дэвид Кэмерон минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб мавзуларни эътиборсиз қолдирмади.

Бу Британия ташқи ишлар вазирининг Қирғизистонга илк ташрифидир.  

Ўзбекистон

23 апрель куни Британия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Дэвид Кэмерон Тошкентга келди. Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мартабали меҳмоннинг мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов билан музокараси бошланди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Таъкидланишича, учрашувда минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилади.

Маълумот учун, Британия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга охирги марта 1997 йил февралида ташриф буюрган. Ўша вақтда мазкур лавозимда Малкольм Рифкинд фаолият кўрсатган.

Қозоғистон

“2024 йилнинг 24-25 апрель кунлари Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт ишлари вазири Дэвид Кэмерон Қозоғистон Республикасига ташриф буюради”, — дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги.

ТИВ маълумотларига кўра, Остонада Дэвид Кэмерон мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинади ва бош вазир ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан музокаралар ўтказади.

“Форин-офис” раҳбари Туркманистонга ташрифидан сўнг Мўғилистонга боради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.