25.09.2024 10:50

Акаевга Қирғизистоннинг собиқ президенти мақомини бериш рад этилди

Қирғизистон парламенти республиканинг биринчи раҳбари Асқар Акаевнинг собиқ президент мақомининг тикланишига қарши чиқди, деб хабар бермоқда мамлакат парламенти матбуот хизмати.

Таъкидланишича, депутатлар Акаевнинг илтимосини рад этишни тавсия қилган парламентнинг тегишли қўмитаси позициясини қўллаб-қувватлаган.

Қирғизистоннинг биринчи президенти июнь ойида Жогорку Кенеш спикери номига мақомини қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган эди. Мақомини тиклаш сиёсатчига президентлик даврида содир этган хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилмаслик, шунингдек, катта миқдорда пенсия олиш имконини беради.

Ушбу ҳолатни шарҳлар экан, амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров парламент ишига ҳеч қандай таъсир ўтказмоқчи эмаслигига ишонтирди.

Эслатиб ўтамиз, Акаев 2005 йилнинг мартида ҳокимиятдан ағдарилган эди. 2021 йилда у биринчи марта «Қумтор» иши бўйича гувоҳлик бериш учун Бишкекка қайтиб келди. Шундан сўнг президент Садир Жапаров Акаев аввалги хатоларини тўлиқ бартараф этганини ва Бош прокуратура унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ёпганини маълум қилди.

Жапаров кейинги интервьюсида собиқ раҳбар ҳақида ижобий фикр билдирди. Кейинроқ Акаев ҳам нафақага чиққандан кейин Қирғизистонга қайтиш нияти борлигини маълум қилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.