11.12.2023 11:33

Зеленский АҚШ президенти Жо Байден ва Вакиллар палатаси спикери билан учрашади

Украина президенти Владимир Зеленский 11 декабрь, душанба куни АҚШга ташриф буюриб, Америка етакчиси Жо Байден билан учрашади. Бу ҳақда президент девони Telegram`да маълум қилди.

Қайд этилишича, Вашингтондаги музокараларда асосан Украина ва АҚШ ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш, хусусан, қурол-яроғ ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар, шунингдек, келгуси йилда икки давлатнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Оқ уй матбуот хизматининг таъкидлашича, Зеленский-Байден учрашуви "Россия Украинага қарши ракета ва дрон ҳужумларини кучайтираётган бир пайтда" жуда муҳим аҳамият касб этади.

Владимир Зеленский, шунингдек, АҚШ парламентининг қуйи палатаси – Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан ҳам учрашади. Майк Жонсон Украинага ажратилиши сўралаётган моддий маблағларни мамлакат жанубий чегараларида иммиграция ислоҳотларига йўналтиришни таклиф қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта АҚШ Сенати Украинага ҳарбий ёрдамни қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.