Хитой Тожикистонда ҳарбий база қурмоқда
The Telegraph нашри қўлга киритган маълумотларга кўра, Хитой қарийб ўн йилдан бери Тожикистоннинг бориш қийин бўлган тоғли ҳудудида яширин ҳарбий база қуриб келмоқда.
Тахминан 4000 метр баландликда жойлашган объект кузатув
миноралари билан таъминланган
бўлиб, Хитой ва Тожикистон ҳарбий контингентларини қабул қилиш учун
мўлжалланган. Икки давлат расмийлари изоҳ беришдан ўзларини тийиб, база
борлигини ошкора тасдиқламаган.
Ушбу базанинг қурилиши экспертлар томонидан Хитойнинг ўз
чегаралари бўйлаб ҳарбий иштирокини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли
стратегиясининг элементи сифатида баҳоланмоқда. Пекин Ҳиндистон билан чегарадош
Ҳимолойларда ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Янги база “Толибон” назорати остидаги
Афғонистондан келиши мумкин
бўлган хавфсизлик таҳдидларига жавоб бўлишига ишонилади. Эслатиб ўтамиз,
Тожикистон-Афғонистон чегарасининг узунлиги қарийб 1300 километрни ташкил
этади.
Хитой "мудофаанинг олдинги чизиғи"ни яратиш
режалари доирасида Тожикистонни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий технологиялар
билан фаол равишда таъминламоқда.