Хитой раҳбари: Пекин ҳар қандай шароитда ҳам Эрон билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр
Хитой халқаро ва минтақавий вазият ўзгаришидан қатъи назар, Эрон билан дўстона ҳамкорликни изчил ривожлантиради. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин Қозонда бўлиб ўтаётган БРИКС 16-саммити доирасида Эрон президенти Масуд Пезешкиан билан учрашувда айтиб ўтди, дея хабар беради Хитой ТИВ матбуот хизмати.
Эрон муҳим минтақавий ва халқаро нуфузга эга давлат,
Хитойнинг яхши дўсти ва ҳамкори, деди Хитой раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Хитой-Эрон муносабатларининг стратегик
аҳамияти мисли кўрилмаган ўзгаришлар жадаллашгани сари яққол намоён бўлмоқда.
Пекин миллий суверенитет, хавфсизлик ва миллий қадр-қимматни
ҳимоя қилишда, ўзининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини изчил рағбатлантиришда,
қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни яхшилаш ва
чуқурлаштиришда Эронни қўллаб-қувватлайди,
деди Си Цзиньпин.
Унинг таъкидлашича, Хитой Эрон билан бир-бирини қатъий
қўллаб-қувватлаш, халқаро муносабатларнинг асосий меъёрлари, жумладан, ички
ишларга аралашмаслик, икки давлатнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя
қилиш учун ҳамкорлик қилишга тайёр.
Хитой БРИКС ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида Эрон
билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш,
Глобал Жанубнинг таъсири ва овозини янада кучайтиришга, янада адолатли ва
оқилона халқаро тартибни шакллантиришга ҳисса қўшишга тайёр, дея қўшимча қилди
Хитой раҳбари.
Учрашувда минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Си Цзиньпин, хусусан, Яқин
Шарқдаги мавжуд вазиятдан чуқур хавотир билдирди.
Унинг таъкидлашича, эртароқ ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторидаги урушни тугатиш
минтақавий тарангликни бартараф этишнинг калитидир.
Эрон президенти Пезешкиан, ўз навбатида, Хитой Эроннинг энг
муҳим ҳамкорлик шериги экани,
Эрон-Хитой кенг қамровли стратегик шериклик алоқалари ва турли соҳалардаги икки
томонлама ҳамкорлик барқарор ривожланиш динамикасини сақлаб қолаётганини айтди.
Эрон Хитой билан кенг қамровли ҳамкорлик режасини амалга
ошириш ва янги натижаларга эришиш учун алоқа, инфратузилма ва тоза энергия
соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун Хитой билан биргаликда
саъй-ҳаракатларни амалга оширишга интилади, бу нафақат Эроннинг миллий
ривожланишига, балки
минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, - деди
у.