Эрон мудофаа вазири, бригада генерали Муҳаммад Ризо Аштияний АҚШ Ямандаги ҳутийлар фаолиятига қарши Қизил денгизда халқаро коалиция тузса, “жиддий муаммоларга” дуч келишини айтди. Бу ҳақда Anadolu унинг баёнотига таяниб хабар қилди.

“Агар улар бундай нодон қадам ташлашса, жиддий муаммоларга дуч келишади”, - деди у. Ҳарбийнинг таъкидлашича, Эрон "ҳукмрон мавқега эга" минтақада "ҳеч ким бундай қадам ташлай олмайди".

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Вашингтон ўз иттифоқчилари билан Қизил денгизда ҳарбий-денгиз кучларини яратиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди. Шу билан бирга, Америка томони яманлик ҳусийларнинг минтақадаги ҳаракатларини беқарорлаштирувчи, хавфли ва халқаро ҳуқуқни бузувчи деб атади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху АҚШ президенти Жо Байденга агарда ҳусийлар Эйлат шаҳри ва халқаро денгиз йўлларига таҳдид солса, мамлакати Яманга қарши чоралар кўришидан огоҳлантирганди.

Хусийлар Қизил денгизда Исроилга алоқадор кемаларни нишонга олмоқда

Хусийларнинг Ямендаги етакчиси Абдулмалик ал-Хусий 14 ноябрь куни телевидениедаги чиқишида Қизил денгиздаги Исроил кемаларини нишонга олишлари мумкинлиги билан таҳдид қилган эди.

19 ноябрь куни эса хусийларнинг ҳарбий воизи Яҳё Сери Х платформасида Исроилнинг блокададаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумларига жавобан Исроил байроғи остидаги ҳар қандай кемани нишонга олишларини маълум қилди.

Кейинроқ эса хусийлар Баб ал-Мандеб бўғозида Исроилнинг Unity Explorer ва Number Nine номли иккита кемасига дрон ва ракета ҳужуми уюштирди.

Исроилнинг ZIM логистика компанияси 29 ноябрь куни берган баёнотида Уммон денгизи ва Қизил денгиздаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга асосланиб, кемалари Мисрдаги Сувайш каналидан фойдаланмаслигини билдирди.

АҚШ Марказий Қўмондонлиги (CENTCOM) 4 декабрь куни Х платформасида Қизил денгиз жанубидаги халқаро ҳудудий сувларда 3 та тижорат кемасига 4 маротаба ҳужум уюштирилганини маълум қилди.

Баёнотда Қизил денгиз жанубида жойлашган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли USS Carney эсминеци тижорат кемаларининг ёрдам чақирувига жавоб бергани, эсминец кемаларга ёрдам бераётиб, ўзига қараб келаётган 3 та дронни уриб туширгани билдирилди.

CENTCOM бугунги баёнотида хусийлар кеча эрталаб Қизил денгиз жанубида Маршалл ороллари байроғи туширилган Ardmore Encounter номли нефть танкерини қўлга олишга ҳаракат қилганини эълон қилди.

Мавзуга алоқадор