04.01.2024 08:41

Украина ва Россия ўзаро асир алмашди

Украина 200 дан ортиқ украиналик ҳарбийлар ва тинч аҳолини Россия асирлигидан қайтарди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, улар - аскарлар, сержантлар, офицерлар – Украина Қуролли кучлари, Миллий гвардия, Ҳарбий-денгиз флоти, чегарачилар ҳарбийлари. Улардан баъзилари Мариупол ва Азовсталдаги жангларда қатнашган.

Украина 230 нафар украиналик ҳарбий ва тинч аҳолини асирликдан уйига қайтарди - бу барча алмашинувларнинг энг каттаси, дея хабар қилди Украина ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб.

Хабарга кўра, қайтарилганлар орасида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан тасдиқланган расмий ҳарбий асир мақомига эга бўлганлар (182 киши), бедарак йўқолган деб топилган ва «қидирувдаги шахс» мақомига эга бўлган Украина ҳарбийлари (48) ҳам бор.

Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинецнинг таъкидлашича, 230 нафар украиналик маҳбус "аллақачон уйларида".

Россия Мудофаа вазирлиги эса Россия Қуролли кучларининг 248 нафар ҳарбий хизматчиси Украина асирлигидан қайтганини маълум қилди.

Вазирлик ушбу асир алмашинуви "БААнинг гуманитар характердаги воситачилик иштироки туфайли амалга ошганини қайд этди.

Мудофаа вазирлиги, шунингдек, ҳарбий хизматчилар Россия Аэрокосмик кучларининг ҳарбий-транспорт самолётларида даволаш ва реабилитация қилиш учун вазирлик тиббиёт муассасаларига етказилишини қўшимча қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.