26.11.2024 10:26
428
Украина Курск вилоятидаги позицияларини бой бермоқда
Украина август ойида ўтказилган кутилмаган операция давомида Россиянинг Курск вилоятида босиб олинган ҳудудининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди, деб ёзди Reuters Украина Бош штабидаги юқори мартабали манбага таяниб. Унинг сўзларига кўра, бу сўнгги ҳафталарда минтақада сезиларли ютуқларга эришган Россия қўшинларининг қарши ҳужуми натижасида содир бўлган.
Reuters манбасининг қайд этишича: Россия Киевнинг юришини тўхтатиш учун Курск вилоятига 59 мингга яқин аскарини жойлаштирган. Бундан ташқари, Украина томонига кўра, октябрь ойида Шимолий Кореянинг 11 мингга яқин аскари Курск вилоятига Россияни қўллаб-қувватлаш учун келган. Бироқ уларнинг асосий қисми ўқув машғулотларини якунламоқда ва ҳали жанговар ҳаракатларни бошламаган. Шу сабабли Курск вилоятидаги рус ҳарбийларининг муваффақиятлари КХДРдан қўшимча кучларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ деб айтиш мумкин эмас.
Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги операцияси Москва учун кутилмаган ҳолат бўлди, шу сабабли Украина Қуролли Кучлари (АФУ) Россия ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олишга муваффақ бўлди, дея таъкидлайди Reuters.
“Ҳужум авжига чиққанида 1376 квадрат километр майдонни назорат қилдик. Ҳозирда бу ҳудуд сезиларли даражада қисқарган, - деди агентлик манбаси. - Ҳозир бизда тахминан 800 квадрат километр майдон мавжуд ва биз ушбу ҳудудни ҳарбий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ бўлгунига қадар ҳимоя қиламиз".
Киев Курск вилоятидаги операциялардан Россия кучларини Украина шарқидан чалғитиш, уларнинг олдинга силжишини секинлаштириш ва эҳтимолий тинчлик музокараларида ўз позициясини мустаҳкамлаш каби стратегик мақсадларда фойдаланишни режалаштирган. Бироқ Россия Украинанинг чегарадош вилоятларига ҳужумларини сезиларли даражада ошириб, Донецк вилоятида олдинга силжишда давом этмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Владимир Путиннинг асосий мақсади Донбассни эгаллаб олиш ва январь ойигача Курск вилоятидан Украина қўшинларини сиқиб чиқариш эканлигига ишонч билдирди.
“Путин учун бизни 20 январгача Курск вилоятидан қувиб чиқариш муҳим”, - деди Зеленский Дональд Трампнинг инаугурацияси санасига ишора қилиб. - У вазиятни назорат қилаётганини кўрсатмоқчи".
Сўнгги ойларда рус қўшинлари Украина шарқида сезиларли ютуқларга эришмоқда. Донецк вилоятининг Курахово ҳудудида улар кунига 200-300 метр олдинга силжимоқда, бу муҳим логистика маркази ҳисобланган Покровскка катта ахвф уйғотмоқда.